31 August 2017
19:27 - Шавкат Мирзиё Туркияга сафар қилади Ўзбекистон-Туркия алоқаларининг ёмонлашиши давом этади. Кейин нима бўлади?

Президент Шавкат Мирзиё октябрь ойида Туркияга давлат ташрифини амалга ошириши бўйича президент Режаб Тоййип Эрдўған маълум қилди. У Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йилллиги муносабати билан Шавкаат Мирзиёга йўллаган қутловида шундай сўзлар ёзган:

"2017 йилда -давлатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 25 йиллигида- ўзаро алоқаларимиз сезиларли даражада жонланди. Ўтган йилнинг ноябрида Самарқандда бўлиб ўтган учрашувимиз бу борада бурилиш нуқтаси бўлди... Ишонаманки, Сизнинг Туркияга жорий йилнинг октябрида амалга оширадиган сафарингиз икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги даражасини янги даражага кўтаради”.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 1,2 миллиард долларни ташкил қилади. Томонлар бу кўрсаткич икки давлат потенциалидан паст даражада эканини билдириб келишмоқда. Аслида, бу кулгили даражада оздир, дейди мухбиримиз.

Аммо, ҳозир, икки туркий халқ муносабатлари ўртасидаги музлар эриётгани қувонарли ҳол дейиш мумкинми? Йўқ ва йўқ. Эрдўғон Туркияни исломлаштириш ва ўрта асрларга судраш йўлидан олиб кетар экан, Туркия билан бошқа туркий давлатлар – Ўзбекисон, Озорбайжон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон - ўртасида алоқалар фақат ва фақат ёмонлашиб боради.

Тўғри, Шавкат Мирзиё Туркияга сафар қилгандан кейин, алоқалар чўққиларга чиқаётганини гапиришга бошлайди. Бунга унинг ўзидан бошқа ҳеч ким ишонмайди, Эрдўған ҳам. Чунки, у туркий давлатлардаги демократларнинг, жумладан, Абдураҳим Пўлатнинг исломлаштирилаётган Туркияга муносабати ўта салбий эканлигини жуда яхши билади.

Ҳеч шубҳа йўқки, келажакда ҳамма жойда демократлар ғалаба қозонадилар. Умид қилиш керакки, Туркияда ҳам демократ-отатуркчилар Эрдўғоннинг фанатик исломчилар партияси устидан тезроқ ғалаба қозонадилар. Ана ўшандагина Буюк Турк Дунёси ҳақида гапириш ва Хитой ҳамда Россияни Турк Дунёси билан ҳисоблашишга мажбур қилиш мумкин.

Турк Дунёсининг бугунги аянчли аҳволи - кўраётган расмингизнинг марказида жуда яхши кўрсатилган. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, туркий халқлар "қўй" десак ярашмайди, руслар айтгандек, расмдаги "баран"лардир.