22 August 2017
20:15 - “Озодлик” радиоси: Анвар Олтойли ҳибсга олинди. Абдураҳим Пўлат: Ажаб бўпти, демайман

АБДУРАҲИМ ПЎЛАТ: Бугун жуда зарур ишлар билан машғул бўлиб, Интернетга киришга ҳам вақтим бўлмади. Аммо, ҳозиргина чет элда яшайдиган танишларимдан бири телефон қилиб, "Анвар Олтойли Туркияда қамалганини эшитдингизми?” деди. “Қаердан олдингиз бу хабарни” десам, “Озодлик” радиосидан”, деди. Бу хабар мен учун еталича қизиқ бўлгани учун, дарҳол ўзим ҳазар қиладиган “Озодлик” радиоси ўзбекча хизматининг сайтига кириб, қуйидаги хабарни ўқидим.

“ОЗОДЛИК" РАДИОСИ: Ислом Каримовнинг маслаҳатчиси Туркияда ҳибсга олинди

1991 йилдан 1993 йилгача Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси лавозимида ишлаган 73 яшар Анвар Олтойли Туркиянинг Манавгат шаҳридаги уйида ҳибсга олинди.

Олтойли яқинларининг Озодликка айтишича, у Туркияда террорчи сифатида қараладиган диний раҳнамо Фатҳуллоҳ Гулан ташкилотига алоқадорликда гумонланиб¸ сўроқ қилиш учун Анқарага олиб кетилган.

Олтойлининг Германияда яшайдиган қариндошга кўра¸ Анвар Олтойли Туркияда давлат тўнтариши ўтказишга алоқадор деб ҳисобланаётган прокурорларни мамлакатдан чиқариб юборишга кўмак берганликда айбланмоқда.

Олтойлини яқиндан билган ва исми аталишини истамаган истанбуллик ҳуқуқшуноснинг Озодликка айтишича, "илгари сурилаëтган айбловлар қуруқ иддао холос". Ҳуқуқшунос Олтойли билан биргаликда 1991 йилдан 1993 йилгача Ўзбекистонда ишлаганини айтди. Унга кўра¸ Олтойли "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатини ташкил қилишга ҳисса қўшган ва мамалакат молия тизимини бозор иқтисодига ўтказиш борасида мамлакат раҳбариятига консультациялар берган.

Анвар Олтойли - Туркия хавфсизлик тизимидаги ўзбек Анвар Олтойлининг отаси Шокир Олтойли Наманган вилояти, Чодак қишлоғида яшаган ва Совет ҳукумати тазйиқидан қочиб, Афғонистон орқали Туркияга келиб қолган зиëли ўзбеклар вакилидир. Анвар Олтойли 1944 йили Адананинг (Туркия) Жейхон туманида туғилиб, Анқара университети ҳуқуқ факультетини тугатган.

Олтойлининмг Википедияда эълон қилинган биографиясида унинг 1968 - 1973 йилларда Туркия Миллий Истиҳборат Ташкилотида (Туркия миллий хавфсизлик идораси) советолог сифатида ишлагани айтилади.

Анвар Олтойли Ўзбекистон мустақил бўлмасидан олдин Совет Иттифоқига қилган сафар таассуротлари асосида “Асир турк элларида 90 кун” (Esir Türk İllerinde 90 Gün) китобини эълон қилган эди. Олтойли 1991 йилдан 1993 йилгача Ўзбекистонда президент маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб борди.

Ўша йилларда Ўзбекистон президенти девонида етакчи консультант вазифасида ишлаган Анвармирзо Ҳусаиновнинг эслашича¸ Олтойли¸ мамлакат иқтисодини “бозор экономикаси рельсларига қўйиш”га оид маслаҳатлар бериш билан биргаликда чет элдаги ўзбекларнинг “Эл” ташкилоти қурултойини ўтказишга ҳам ҳисса қўшган.

Олтойли 1993 йилда Ўзбекистон мухолифати аъзоларига бошпана бергани боис совуқлашган Туркия-Ўзбекистон муносабатлари фонида Тошкентни тарк этгани айтилади. Туркия ва Германия ватандоши бўлган Олтойли кейинги 20 йил ичида публицистика билан шуғулланди. Олтойли қаламига мансуб 2008 йилда чоп қилинган “Буюк ўйиндаги турк” (Büyük Oyundaki Türk) асари ўша йили Туркияда энг кўп сотилган китоблар ўнлигидан ўрин олган эди.

АБДУРАҲИМ ПЎЛАТ: Анвар Олтойлининг Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейинги ҳаёти анчагина мураккаб ва ҳамма ҳам билавермайдиган сирлар билан тўла бўлган. "Озодлик"  радиосининг ўзбекча хизмати буларни била туриб, ҳеч қандай имо-ишора қилмагани ҳам, бу ифлос радионинг сифатларидан биридир. Мен уларни бу ерда у гапирмоқчи эмасман. Аммо, “Ҳаракат” журналининг 2004 йилдаги 2(47) сонида эълон қилинган “Мухолифатни бирлаштириш - замон талаби” номли мақоладан қуйидаги сатрларни келтирмоқчиман.

“ҲАРАКАТ” ЖУРНАЛИ: Мухолифатни бирлаштириш учун қилинган Бешинчи уриниш.

1998 йилнинг сўнг кунлари Германияда яшайдиган ўзбек аслли Анвар Олтойли Вашингтонга келганда, бу ердаги ўзбек диаспорасининг таникли кишиларидан Рўзи Назарнинг уйида Абдурахим Пўлат, Жахонгир Мухаммад ва Абдуманноб Пўлат билан учрашди. Бундан аввал 5 йил Туркияда яшаган Абдурахим Пўлат Туркия сиёсатчилари ичида «Анвар Олтойли Салай Мадаминовни молиявий тизгин билан бошкаради», деган гаплар юрганини билгани учун, Анвар Олтойли оркали Салай Мадаминовга бир таклиф юборди. «Бирлик» рахбарининг фикрича, Каримов 1995 йили АКШ президенти Билл Клинтон билан Вашингтонда учрашгандан кейин, Ўзбекистонда оз бўлса хам ижобий ўзгаришлар бўлмокда. Хукук химоячиларининг саъйи-харакатлари билан, Ўзбекистон анча-мунча шаффоф давлатга айланди. Дунё жамоатчилиги бу ердаги вокеаларни диккат билан кузатиб бормокда ва демократия тарафдорларига ёрдам беришга тайёрлигини кўрсатмокда.

Бу ютукларни мустахкамлаш ва яна олга кетиш учун 1999 йилнинг охири ва 2000 йилнинг бошига режалаштирилган парламант ва президент сайловларидан фойдаланиш керак. Бунинг учун пухта тайёрланиб, 1999 йилнинг ёзида мухолифатнингг хамма кўзга кўринган намояндалари (Тошкентдан - Шукулло Мирсаидов, чет эллардан - Абдурахим Пўлат, Салай Мадаминов, Пўлат Охун, Жахонгир Мухаммад, Абдуманноб Пўлат, Алибой Йўляхшиев, Ёдгор Обид, Анвар Усмон ва бошкалар) Москва ёки Олма-Отада тўплансалар ва бу ерда матбуот конференцияси ўтказгандан кейин, бир катор журналистларни ёнларига олиб Тошкентга келсалар, мавжуд хукумат сайловлар арафасида уларга карши бирор нарса килишга журъат этолмайди. «Кутилмаган демократик десантнинг» Ўзбекистонга келиши мамлакатда катта сиёсий ўзгаришларга йўл очиши мукаррар.

Бундай акция бирлашган мухолифат тарафидан амалга оширилсагина таъсирчан бўлишини ургулаган Абдурахим Пўлат, Анвар Олтойлидан бу ишга Салай Мадаминовнинг хам кўшилишини таъминлашни илтимос килди.

Тахминан 20 кунлардан кейин Германиядан жавоб келди. Кўринишидан Анвар Олтойли билан Салай Мадаминовнинг умумий фикрларини ифода этувчи жавоб шундай эди: «Эрк» партияси «демократик десант» ташлашдан кўра эффективрок бўлган ишлар билан машгул. Якинда бу ишларнинг натижалари хам кўринишга бошлайди. Шу сабабли, Тошкентга бу шаклда бориш режасига кўшилмаймиз.

Бир ойдан кейин Тошкентда мудхиш портлашлар юз берди. Балки, уларнинг Анвар Олтойли ва Салай Мадаминов айтган «эффектив» ишларга хеч бир алокаси йўкдир, уларнинг «эффектив» ишларининг натижаси хали кўринмагандир. Лекин, нима бўлса хам, мухолифатни бирлаштириш учун килинган 5-чи уриниш хам шу кабила бехуда кетди.

АБДУРАҲИМ ПЎЛАТ: “Ҳаракат”даги мақолада айтилганидек, Анвар Олтойли Салай Мадаминовни молиявий тизгин билан бошқаришини мен яхши билардим. Бирлашиш ҳақидаги таклифимга рад жавоби келгани сабабли, демак, Анвар Олтойли ҳам мухолифтни бирлашишини истамайди, деган фикрга келдим. Бунинг орқасида бир нарсалар бўлса керак, деб ҳам ўйладим. Бир нарсалар, яъни “Эрк” нималар устида ишлаётгани тезда маълум бўлди. Яъни, 1999 йил 16 февралда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Тошкентда портлашлар уюштирди. Бу ишга Салой Мадаминов тўғридан-тўғри аралашгани ҳақида менда ҳеч қанда маълумот йўқ, аммо бу портлашларни у ва унинг атрофидагилар тўла маънавий қўллаб қувватлаганларини биламан. Анвар Олтойли ҳам у билан бирга бўлганми? Бу кулгили саволга жавоб бериб ўтиришнинг ҳам кераги йўқ.

Нима бўлганда ҳам, мен Анвар Олтойлининг қамалиши ҳақида “Ажаб бўпти” демоқчи эмасман. Ҳозир Туркияда Фатхулла Гулен билан қандайдир алоқада бўлган, аммо давлат тўнтариши урунишига мутлақо алоқаси бўлмаган юзлаб-минглаб одамларни ишларидан ҳайдатишмоқда, уларнинг кўпчилиги устидан жиноий ишлар очиб, дарҳол ҳибсга ҳам олишмоқда. Ўйлайманки, Анвар Олтойли ҳам Ражаб Эрдўған тарафида ўтказилаётган сталинча репрессияларнинг навбатдаги қурбонидир. Охири яхши бўлсин деб умид қиламан.