22 August 2017
01:34 - Юсуф Жума: Шукрона

 


Шукр, дейман, бундан роса
Беш юз йил аввал
Навоийни яратибди
Тақдири азал.

Магар бизнинг асримизда
Туғилсайди у,
Балки бошин емирарди
Беканор қайғу.

Балки қолиб кетар эди
Шеърлари дилда.
Отиларди қонли ўттиз
Еттинчи йилда.

Балки Усмон Носир янглиғ
Тортгнча афғон,
Қўлда кишан, армон билан
Берар эди жон.

Тайр тилин ўқий деса
Алишер - мурғак,
Тутқазардик қўлларига,
Эҳтимол, этак.

“Хамса” битмак ўрнига ҳам
Бошида ошуб,
Ўтар эди муҳаррирлар
Билан олишиб.

Нашриётда навбат кутиб
Бўларди сарсон.
Балки тубан шоирчалар
Қўймасди омон.

Ё чойчақа тополмасдан
Кўплардек пурғам,
Шеър ёзиш йўқ, мол боқарди
Шоири олам.

Балки умри эгатларда
Ўтган бўларди.
Балки Орол бўйларида
Ракдан ўларди.

Шукр, дейман, бундан роса
Беш юз йил аввал
Навоийни яратибди
Тақдири азал.



1988