06 August 2017
21:32 - Афғонистон жиҳодчилари яна Ўзбекистон чегаралари яқинида фаоллашмоқда, Абдурашид Дўстим қаерда?
Reuters Агентлиги Афғонистон расмийларига асосланиб хабар беришича, бугун бу мамлакатнинг
Сари Пул вилояти Сайёд туманидаги Мирза Оланг қишлоғига ҳужум қилган жиҳодчилар, ичида аёллар, ёш болалар ва қариялар ҳам бўлган 50 кишини ваҳшийларча ўлдирдилар. Улар шиаларга яқин жамоанинг аъзолари экан. Бундан ташқари 7 афғон ҳарбийси ва сони номаълум бўлган жиҳодчилар ҳам ҳалок бўлган.

Сўнги ойларда Толибон ва ИШИД тарафдори бўлган жиҳодчилар Афғонистоннинг ҳамма жойларида фаолликларини ортирмоқдалар. Мамлакатнинг катта шаҳарларидан ташқарида ҳудудларда жиҳодчилар ҳукумрон эканлиги ҳам баъзи хабарларда урғуланади. Табиий, расмийлар бундай хабарларни, улар ҳақиқат бўлса ҳам, тасдиқламайдилар.

Харитадан кўриниб турибдики, Сари Пул вилояти Ўзбекистонг билан чегарадош бўлмаса ҳам, чегараларимизга яқин ерда жойлашган. Маълумки, сал кам 2 йил аввал жиҳодчилар Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадош вилоятлардан ўта фаоллашганда, бу ерга шахсан ўзи келган ўзбек аслли Афғонистон вице-президенти Абдурашид Дўстим жиҳодчиларга қарши курашга ўзи бошчилик қилиб, улар устидан ғалаба қозонгани эълон қилинган эди. Бу ҳақда “Ҳаракат” ҳам ёзган.

Демак, “Абдурашид Дўстим ҳозир қаерда?” деб савол қўйиш ғоят табиийдир. Ёки, сунний жиҳодчилардан Ўзбекистонда қўрқишга асос йўқми? Балки, йўқдир, чунки, улар Ўзбекистонга етиб келса, Ўзбекистондаги ислом уламоларининг ҳаммаси, оддий ўзбекларнинг эса мутлақо кўпчилиги улар тарафига ўтиб олишининг эҳтимоллиги жуда катта-ку!