06 August 2017
02:12 - Эстонияда совет аскарлари қайтадан дафн этилди, Голландияда ваҳшийларча ўлдирилган ўзбек аскарларини Ўзбекистонда қайтадан дафн этиш керак
Эстониядаги delfi.ee сайтининг русча саҳифасидаги хабарга кўра, бу мамлакатнинг Нарва шаҳридан 18 км узоқликда жойлашган Синимяэ номли қардошлик қабристонида гитлерчиларга қарши урушда ҳалок бўлган 202 совет аскари тантали мароимда қайтадан дафн этилибди. Уларнинг шу пайтгача номаълум қабри бир оз аввал Kamerad қидирувчилар клуби тарафидан топилган экан.

Хабарда айтилишича, бу қардошлик қабристонида Эстонияни гитлерчилардан озод қилишда ҳалок бўлган 12 минг киши дафн этилган. У ерда номаълум ўзбек аскарлари ҳам бўлса керак.

Шу воқеа туфайли Голландияда фашистлар тарафидан ваҳшийларча ўлдирилиб, ўша ерда кўмиб ташлангани яқинда маълум бўлган 101 нафар ўзбек аскарини эслаш мутлақо табиийдир. Куни кеча, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёга мактуб йўллаб, 101 ўзбекнинг ҳоки Ўзбекистонга олиб келиниб, ўз тупроқларимизга берилиши ва уларнинг кимлигини аниқлаш устида иш бошлаш кераклигини айтиб, бу иш билан шуғулланадиган махсус комиссия тузишни сўраган эди.

Бундай ташаббусни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Президентининг бурчидир. Эстония мисолини ҳам ҳисобга оладиган Шавкат Мирзиё айнан шундай қилади деган умиддамиз.

Расмда – Синимяэ қабристонидаги қайта дафн этиш маросимидан бир кўриниш.