04 August 2017
21:18 - Ўзбекистон аҳолиси 32,1 миллион кишидан ошди, ўртача умр 74 га яқинлашмоқда эмиш. Аммо, иккинчи рақамга ишониб бўлмайди!!

Ўзбекистон Давлат Статистика Қўмитаси маълумотига кўра, шу йилнинг 1 январида республика доимий аҳолисининг сони 32 млн 120,5 минг кишини ташкил қилди. Шундан 16 млн 121 минг киши ёки 50,2 фоизини эркаклар ва 15 млн 999,5 минг киши ёки 49,8 фоизини аёллар ташкил этади. 2016 йилнинг январь - декабрида туғилганлар сони 726,2 минг, 2015 йилда бу кўрсаткич республика тарихида энг кўп, яъни 734,1 мингга тенг бўлганди.

Ҳисобот даврида ўлганлар сони 154,8 минг, бир ёшга тўлмасдан ўлганлар сони 7,8 минг экан.

Умр кўриш давомийлиги ўртача 73,8 ёш, эркакларда - 71,4 ёш, аёлларда - 76,2 ёшни ташкил этди.

Аҳолининг ўртача ёши 28,5 да, 1991 йилда ўрта ёш 23,3 бўлган экан, яъни шу вақт ичида аҳолининг ўртача ёши 5,2 ёшга кексайибди.

Бу ўринда эътиборли жиҳати эркаклар сонининг аёлларга нисбати ортганидир. Чунки яқин ўтмишда мамлакатимизда аёллар 55 фоизни, эркаклар эса 45 фоизни ташкил қиларди.

Ўзбекистонда эълон қилинаётган ҳамма рақамларга ишончсизлик билан қарашимизнинг сабаблари бор, дейди мухбиримиз. Масалан, Ислом Карим йиллардан бери бизда одамларнинг ўртача умри 70 дан ортганини гапириб мақтанарди. Аммо, бундай рақамлар тўплаш билан шуғулланадиган халқаро ташкилотлар бутунлай бошқача рақамларни эълон қиладилар. Уларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда аҳолининг ўртача умри 65,1 йил, эркакларда 61,6, аёлларда 68,6 йил.

Бу рақамларни Интернетдаги кўплаб ихтисослашган сайтларда кўриш мумкин. Яна ўша ерда кўриш мумкинки, Россияда ўртача умр 69,8 йил (эркаклар - 64,0, аёллар - 75,6), Қозоғистонда – 67,4 (61,9 ва 72,8). Айниқса, аёлларнинг ўртача умри Россия ва Қозоғистонда бизга қараганда юксак эканлиги дарҳол кўзга ташланади. Эркаклар асосан ароқ ичиш билан шуғуллангани учун бўлса керак, уларнинг ўртача умри бу уч мамлакатда бир-бирига жуда яқин.

Шуни ҳам айтиш керакки, аҳолининг ўртача умри бўйича Ўзбекистон ҳамда Тожикистон тенглар ҳисоб ва собиқ Совет республиклари ичида охирги ўриндалар.

Ҳақиқий аҳвол шундай экан, Ўзбекистон Давлат Статистика Қўмитаси бунчалик ёлғонга боришига нима дейсиз? Ҳа, дарвоқе, ёлғонбоши Ислом Карим нарёқда, Шавкат Мирзиё қаерда?