26 July 2017
08:00 - 24 июлда Шавкат Мирзиё 60 ёшга тўлган экан, уни бир қатор давлат раҳбарлари табриклашибди, биз ҳам табриклаймиз, аянчли аҳволимизга у киши айбдор эмаслигини урғулаймиз

Қаранг, шундай кун бўлибди, биз билмай қолибмиз. Gazeta.uz cайтининг кечаги хабарида айтилишича, Шавкат Мирзиёни 60 йиллик юбилейи билан Хитой, Россия, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Озорбайжон, Белорусия, Украина, Болгария давлатларининг раҳбарлари ва ҳатто Россиянинг бош вазири табриклабдилар. Умумий гаплардан иборат табрикномаларда биронта пичоққа илинадиган гап йўққа ўхшайди. Бўлса эди, у хабарда тилга олинган бўларди.

Биз ҳам Шавкат Мирзиёни умумий гаплар билан табриклаймиз. 10 ойдан бери у киши биронта янгилик қилолмагани у кишининг айби эмаслигини алоҳида урғулаймиз. Ҳамма айб Ислом Каримда. Айнан Ислом Карим Ўзбекистонда диктаторлик даражасини дунёда 2-чи ўринга чиқариб, иқтисодий аҳволимизни ривожланган мамлакатлардан 30-50 баравар орқадалигини қўйиб туринг, қўшниларимиз Қозоғистон ва Туркманистондан 5-6 баравар орқага олиб тушган эди. Шавкат Мирзиё эса, бор-йўғи Бош вазир бўлган.