26 July 2017
17:08 - Қизиқ ва тушунарли: АҚШ Россияга қарши киритиладиган янги санкциялардан Европа ташвишга тушмоқда. Ўзбекларга нима?

Кеча АҚШ Конгрессининг қуйи палатаи – Вакиллар Уйи Россияга қарши янги санкциялар киритиш қонуни лойиҳасини маъқуллаган эди. Бу қонун кучга кириши учун уни Сенат ҳам маъқуллаши ва Президент имзолаши керак. Аммо, АҚШ Конгрессидаги оби-ҳаво бу қонун кучга кириши аниқ эканлигини кўрсатмоқда.

Бу қоун лойиҳаси муҳокама қилинишга бошланган кунларданоқ баъзи Европа давлатлари ўз безовталикларини билдирган эдилар. Безовталикнинг сабаби – бу санкциялар Европа Иттифоқига кирувчи давлатларнинг иқтисодига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар экан.

Русларнинг Gazeta.ru сайти Европа Иттифоқнинг ҳукумати ролини ўйнайдиган Европа Комиссияси тарқатган баёнотдаги қуйидаги сўзларни келтиради: “Еврокомиссарлар бугун АҚШ Россияга қарши киритаётган санкциялар ҳақидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилиб, улар ЕИнинг энергетик мустақиллигига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинли бўйича ўз хавотирликларини билдирдилар.”

Еврокомиссия раҳбари, яъни ЕИнинг Бош вазири ҳам деса бўладиган Жан-Клод Юнкер ўз хавотирликлари бир неча кун ичида эътиборга олинмаса, шунга қараб ҳаракат бошлашларини айтибди. Яъни, унинг сўзларида АҚШга қарши таҳдиддлар бор.

Германиянинг Иқтисод бўйича Шарқий Комитети раиси Вольфганг Бюхеле, агар АҚШнинг санкциялари ЕИ фирмаларига ҳам салбий таъсир кўрсатса, бунга қарши керакли қадамлар қилинишини гапирибди.

АҚШнинг янги санкциялари нималардан иборат эканлиги, улар ЕИга қандай салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида тафсилотли маълумотлар йўқ. Аммо, дейди мухбиримиз, глобаллашув муҳим факторга айланиб бораётган 21 асрда ҳамма давлатлар, ҳамма минтақалар бир-бирига боғлиқ бўлиб бормоқда. АҚШнинг Россияга қарши санкциялари - Россия билан алоқада бўлган ЕИ фирмаларини ҳам урса керак. Кўрамиз, АҚШ Конгресси европаликларнинг безовталикларига қандай жавоб беради.

Шуни ҳам айтиш керакки, АҚШнинг аввалиги санкциялари Россия билан яқин иқтисодий алоқаларда бўлган Қозоғистонни, Россияда ишлайдиган миллион ёки унга яқин ўзбек мардикорларининг юбораётган пулига ҳам боғланиб қолган Ўзбекистонни ҳам урган эди. Янги санкцилар бизни яна баттароқ урмайдими?