06 July 2017
10:37 - МХХ хизматидаги ББCнинг ўзбекча хизмати гўёки Ўзбекистонга қайтадиган бўлибди. Ҳақиқий матбуот эркинлиги бўладими?
Штаб-квартираси Лондонда жойлашган ББC радиосининг ўзбек бўлими мамлакатимизга қайтмоқда. Радио расмийлари “бир муддат танаффусдан сўнг¸ Ўзбекистондаги фаолиятини қайта бошлаш арафасида” эканликларини эълон қилдилар. Радионинг Тошкентда очиш режалаштирилаётган мухбирлик бюросига ишга олинадиган журналистлар учун танлов эълон қилди.

Сайтдаги эълонда шундай сўзлар бор: “Тошкент бюроси мухбири Ўзбекистондаги янгилик-воқеаларни нафақат ўзбекистонликлар, балки дунё бўйлаб ўқувчи ва томошабинларга ҳам етказади. Журналист ўзбек тилида мукаммал сўзлашадиган ва яхши ёза оладиган бўлиши керак. Рус, инглиз ва бошқа хорижий тилларни билиш олқишланади.”

Маълумки, ББСнинг ўзбек хизмати Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг назорати остида ишлайди. Тўғри, ўзбек хизмати мавжуд режимни олиқшлаш билан шуғулланмайди, чунки, шуғулланса дарҳол шармандаси чиқарди. Бу радио ўзини мавжуд режимнинг танқидчиси қилиб кўрсатиш учун ҳар қандай давлатда бўладиган майда-чуйда камчиликларни ёритиш билан шуғулланади. Аммо, Ўзбекистон давлати ва ўзбек миллатининг биронта фундаментал проблемасини, Ўзбекистоннинг аянчли иқтисодий аҳволини, мухолифат билан боғлиқ бўлган воқеаларни умуман тилга ҳам олмайди.

Бу радио учун, худди Ўзбекистондаги мавжуд режим каби, “Бирлик” Партияси йўқ. “Бирлик “ Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Ўзбекистонни ҳозирги ўта аянчли аҳволдан чиқариш учун ҳақиқий бозор иқтисодига ўтиш шартлиги, Ислом дунёси жаҳонннинг энг қашшоқ ва қолоқ қисми эканлиги, бу аҳволдан чиқиш ва ислом терроризмининг илдизларини йўқ қилиш учун авваламбор Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш, биринчи навбатда, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олиши кераклиги, акс ҳолда, ислом ва демократия душман тушунчалар бўлиб қолавериши ҳақидаги тарихий таклифларификрлари ҳам бу радио учун ёд нарсалардир.

ББСнинг ўзбек хизмати МХХнинг қўғирчоғи эканлиги бекитиш учунгина унга қарши МХХнинг ўзи майда-чуйда акцциялар уюштириб турарди. Ҳозир Ўзбекистонда ошкоралик учун йўл очилаётганини кўрсатиш учунгина Тошкентда радионинг офисини очилишига рухсат берилган. Радионинг Тошкентдаги офисига мухбирлар ҳам МХХ тарафидан танланади. Кейин “Озодлик” радиосининг ўзбекча хизматига ҳам рухсат берилади.

Аммо, Ўзбекистоннинг ҳақиқий замонавий тарихини ёзаётган “Ҳаракат”га йўл берилмайди.