06 July 2017
11:17 - Яна бир масхарабозлик: Автомобиль ва Дарё Транспорти Агентлиги раҳбари ишдан олинибди, Шавкат Мирзиё қаерда?

Ўзбекистон президентининг расмий веб сайтида пайдо бўлган хабарга кўра, Ўзбекистон Автомобиль ва Дарё Транспорти Агентлиги Бош директори Воҳид Исмоил лавозимидан озод этилди. У бошқа ишга ўтиши муносабати билан ишдан олинган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг айрим комплексларининг фаолияти якунлари бўйича ўтказилган йиғилишда Автомобиль ва Дарё Транспорти Агентлиги раҳбари эгаллаб турган лавозимига нолойиқ экани қайд этилиб, ушбу тизимни тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланганди.

Шавкат Мирзиё қаерда эканлигини биламиз, дейди мухбиримиз. Воҳид Исмоилни айнан у ишдан олганку. Аммо, аввал ҳам айтилган фикрмизни қайтаришдан чарчамаймиз, чунки у мутлақо тўғри фикр.

Ўзбекистонда парламент ва расмий партиялар халқнинг аҳволи билан иши бўлмаган қўғирчоқ театридан бошқа нарса эмас экан, қандайдир Агентликнинг директорини қандайдир камчиликлари учун ишдан олиш масхарабозликдан бошқа нарса эмас. Ҳақиқий парламент ва ҳақиқий партиялар, биринчи навбатда, мухолифат партиялари бўлмас экан, Ўзбекистонни ҳозирги аянчли аҳволдан олиб чиқиб бўлмайди.

Аянчли аҳволда эканлигимизнинг асосий кўрсатгичи - Ўзбекистонда ўртача ойлик Қозоғистон ва Туркманистондан 5-6 баравар камлиги, ўзбек профессорлари ва ҳатто сенаторлари қозоқ дворникларидан кам маош олишидир. Ёки, шунга ҳам Автомобиль ва Дарё Транспорти Агентлиги Бош директори Воҳид Исмоил айбдормикан? Охирги 13 йил Бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёнинг буларга алоқаси йўқми?