06 July 2017
09:27 - Навбатдаги масхарабозлик: Шовот тумани ҳокими ишдан олинибди, Шавкат Мирзиё қаерда?

Кеча Хоразм вилояти Шовот тумани ҳокими Тўлибой Ўтамурат ишдан олинди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги «Халқ билан мулоқот» гуруҳи ёзмоқда. Маълум бўлишича, 2014 йил сентябрь ойидан бери тумани ҳокими сифатида ишлаб келаётган ҳоким аҳоли мурожаатлари билан ишлашда сусткашликка йўл қўйгани учун лавозимидан айрилган.

«Тўлибой Ўтамурат аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликларга йўл қўйган, чунки у кейинги вақтда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш ўрнига уларни четлаб ўтишга ўрганган. Масалан, Шовот туманида истиқомат қилувчи аҳолидан бугунги кунгача жами 2 731та мурожаат келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 933таси Шовот тумани ҳокимлиги ваколати билан боғлиқ. Ҳокимлик томонидан кўриб чиқилган ушбу мурожаатлардан атиги 35таси ижобий ҳал қилинган. Қолган мурожаатларга умумий мазмундаги тушунтириш бериш билан чекланган», дейилади хабарда.

Ўзбекистонда парламент ва расмий партиялар халқнинг аҳволи билан иши бўлмаган қўғирчоқ театридан бошқа нарса эмас экан, қандайдир туман ҳокимини халқнинг мурожаатларига қулоқ солмагани учун ишдан олиш масхарабозликдан бошқа нарса эмас. Ҳақиқий парламент ва ҳақиқий партиялар, биринчи навбатда, мухолифат партиялари бўлмас экан, Ўзбекистонни ҳозирги аянчли аҳволдан олиб чиқиб бўлмайди.

Аянчли аҳволда эканлигимизнинг асосий кўрсатгичи - Ўзбекистонда ўртача ойлик Қозоғистон ва Туркманистондан 5-6 баравар камлиги, ўзбек профессорлари ва ҳатто сенаторлари қозоқ дворникларидан кам маош олишидир. Ёки, шунга ҳам Шовот тумани ҳокими айбдормикан? Шавкат Мирзиё қаерда?