06 July 2017
08:27 - Машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилоти Human Rights Watch Ўзбекистонга қайтиши мумкинлиги ва вазиримз Абдулазиз Комилнинг саводсизлиги ҳақида

Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Кoмил кеча Халқаро Пресс-клубдаги жонли мулоқотда Human Rights Watch (АҚШдаги инсон ҳақ-ҳуқуқларини кузатиш ташкилоти – “Ҳаракат”)) ва шу каби турли халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлар Ўзбекистонга қайтиши мумкинлигини маълум қилди. Вазирнинг таъкидича, Human Rights Watch каби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Ўзбекистонда фаолият олиб боришни қайта тиклаш бўйича қизиқиш билдирмоқда. Яқинда мазкур ташкилот раҳбари Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлигига мурожаат қилиб, Ўзбекистонда фаолият олиб боришга рухсат берилишини сўраган.

Абдулазиз Комилга кўра, бу каби халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонга қайтишлари мумкин. Бу борада ҳеч қандай чеклов йўқ. "Аммо, мазкур ташкилотлар бир нарсани тўғри тушунишлари керакки, улар Ўзбекистон ҳукумати билан амалий, ўзаро бир-бирини ҳурмат қилиб, Ўзбекистон ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилган ҳолда ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади", - деди вазир.

Бечора вазирмиз Абдулазиз КoмилЎзбекистон ҳам аъзоси бўлган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти 1999 йилнинг охирида Истанбулда ўтказилган саммитида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар давлатларнинг ички иши эмаслигини тан олувчи резолюция қабул қилинганидан хабари йўқ шекилли. Шу резолюциядан келиб чиқиб, истаган одам ёки ташкилот Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг оёқ ости қилинаётганига кўз юммасликка ва Ўзбекистон ҳукумати олдига аҳволни тузатиш бўйича талаблар қўйишга ҳақлидир. Табиий, биринчи навбатда, Human Rights Watch каби ташкилотлар.

Яъни, Human Rights Watch ташкилотининг вазифаси – керак бўлса, Ўзбекистоннинг ички иш ҳисобланмайдиган ички ишларига аралашиш, Ўзбекистонда оддий фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол қилаётган, уларнинг аҳволи билан қизиқмаётган парламент ва қўғирчоқ партиялар остида яшашдан воз кечишни, ҳақиқий мухолифат партиялари, биринчи навбатда, “Бирлик” Партияси ва ҳамма ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларни дарҳол расмийлаштиришни талаб қилишдир. Партияни рўйхатдан ўтказишни талаб қилиш – ўнг минглаб партия аъзоларининг сиёсий ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эканлигини ҳам Абдулазиз Комил ва бошқа Ўзбекистон расмийлари билишлари керак. Шундай экан, Ўзбекистон демократлари Human Rights Watch ташкилотидан ўз вазифасини унутмасликни талаб қилишлари ва керак бўлса унга босим уюштиришлари керак.

Жойи келгани учун бир воқеани эслатиш лозим. Мажбуран АҚШда яшаётган “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат 2003 ёки 2004 йили АҚШ Давлат Котибининг ўринбосари Лорн Крейнер Ўзбекистонга кетаётганини билиб қолиб у билан кўришган ва ундан Тошкентда Адлия вазири билан учрашиб, ҳамма ҳужжатларини аллақачон вазирликка топшириб бўлган Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятини рўйхатдан ўтказишни талаб қилишни сўраган эди. Лорн Крейнер Ўзбекистондан қайтгач Абдураҳим Пўлат билан учрашган ва Тошкентда Адлия вазирининг ўринбосари билан кўришгани, “Эзгулик”ни рўхатга олиш масаласини ўртага қўйгани, аммо “Эзгулик”ни “Бирлик”нинг қаноти деб ҳисоблайдиган Ўзбекистон расмийлари “Эзгулик”ни рўйхатга оладиганга ўхшамайдилар, деган фикрини билдирганди. “Йўқ, - деди ўшанда Абдураҳим Пўлат, - “Эзгулик”нинг ҳамма ҳужжатлари жойида ва Ўзбекистон режими АҚШнинг Сиздек расмийси бу масала билан шуғулланаётганига кўз юмолмайдилар”. Айнан шундай бўлган ва қисқа вақтдан кейин “Эзгулик” рўйхатга олинган эди.

Бундай воқеалар ҳаммага, Абдулазиз Комилга ҳам, дарс бўлиши керак.