04 July 2017
13:31 - G20 саммитига кетаётган Си Цзиньпин Москвада тўхтаб Владимир Путин билан учрашди, ўзбекларга нима?
Германиянинг Гамбург шаҳрида 7-8 июль кунлари ўтказиладиган жаҳоннинг иқтисодий жиҳатдан энг кучли 20 давлатининг G20 саммитида иштирок этиш учун кетаётган Хитой Раҳбари Си Цзиньпин кеча кечқурун Москвага келди ва Россия Президенти Владимир Путин билан норасмий деб айтилаётган учрашув ўтказди. Улар суҳбатни биргаликдаги овқатланиш пайтида ҳам давом эттирибдилар. Бу ҳақдаги хабарни русларнинг давлат ахборот воситаси “Новости” Хитойнинг Синхуа Агентлигига асосланиб тарқатгани устидан кулиш мумкин холос.

Икки лидер стратегик ҳамкорликни давом эттириш лозимлигини таъкидлашибди, Шимолий Кореянинг ядровий программаси ва Сурия атрофидаги аҳволни муҳокама қилишибди. Аммо, учрашувнинг тафсилотлари ҳеч қаерда йўқ. Рус ахборот воситалари учрашувдан олдиноқ икки лидер Хитой таклиф қилаётган Янги Ипак Йўли лойиҳаси ва Евросиё Иқтисодий Иттифоқининг ҳамкорлиги учрашувда асосий мавзулардан бири бўлишини айтишганди.

Аслида, дейди мухбиримиз, бундай ҳамкорликнинг асосида икки мамлакатнинг Марказий Осиёдаги манфаатларининг тўқнаншуви ётади. Бу тўқнашув стратегик аҳамиятга эга, аммо бу ерда Россия ва Хитой ҳали бери келишолмасликлари ўз-ўзидан маълум. Кўп нарса Марказий Осиё мамлакатларининг сиёсатига боғлиқ.

Бироқ, Лубянканинг агенти Ислом Карим Кремлнинг топшириғи билан Ўзбекистоннинг давлат сифатини йўқ қилиш сиёсати олиб боргани туфайли, бу минтақада Ўзбекистоннинг роли йўқ бўлиб бўлган. Янги Президент Шавкат Мирзиё бу аҳволдан чиқиш йўлида ҳеч нарса қилаётгани йўқ. Тўғрисини айтса, Ўзбекистон иқтисодий қудратини кескин юксалтиролмаса, бу аҳволдан чиқиб ҳам бўлмайди. Аммо, Шавкат Мирзиё бу йўналишда ҳам жиддий бир иш қилиш ниятини ҳали кўрсатгани йўқ.

Фикримизча, Си Цзиньпин ва Владимир Путиннинг бу учрашувида асосий мавзу - G20 саммити доирасида АҚШ Президенти Доналд Трампга нисбатан ўзаро келишилган сиёсат олиб бориш бўлади. Ҳозир Хитой дунё лидери бўлиш арафасига келиб қолган бир пайтда Доналд Трамп Россия билан ҳамкорлик муҳимлигини тушунаётганга ўхшайди. Аммо, Сурия ва Украинадаги воқеалар туфайли бундай ҳамкорлик ҳам бўлолмайди.

Бизни эса, дейди мухбиримиз, Ўзбекистоннинг аҳволи, мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги муаммолардан узоқда қолган яккамоховга айланиб бўлгани, тўғрироғи, яккамоховликдан чиқиш йўллари қизиқтиради. Демак, G20 саммитини ҳам шу нуқтаи назардан кузатишимиз лозим.