03 July 2017
20:48 - Анқарадаги Университетнинг Эрдўғон тайинлаган ректорини битирувчилар маросимида гапиртиришмади

Бугун Анқарадаги инглизча таълим бериладиган Ўрта Шарқ Давлат Университетини бу йил битраётганларга анаъанавий диплом топшириш маросими Инқилоб стадионида ўтди, дейилади “Жумҳурият” газетасининг хабарида.

Бундай маросимлар ҳамма университетларда ҳар йили ўтказилади ва улар хабар қилишга ҳам арзийдиган воқеалар эмас, дейди мухбиримиз. Аммо, Ўрта Шарқ Давлат Университети ўтказган бугунги маросимнинг сенсацион жиҳати бор.

Табиий, бу каби маросимларда ректорлар қатнашадилар ва нутқ сўзлайдилар. Ўрта Шарқ Давлат Университетининг ректори, фан доктори ва профессор Мустафа Кўк ҳам нутқ сўзламоқчи бўлган ва минбарга чиққан. Аммо, маросим қатнашчилари “Бу Университет пуллиларники эмас, ректорники эмас, университетликларники” каби бақиришлар билан унга гапириш имкони беришмабди.

Сабаб эса қуйидагича. Туркияда қабул қилинган қонунларга кўра, Университет ўқитувчилари махсус йиғилишда ректорликка 3 номзодни кўрсатишади. Номзодлар рўйхати ҳар бир номзод қанча овоз олгани ҳам кўрсатилиб, Туркия президентига юборилади ва у бу 3 номзоддан бирини ректор этиб тайинлайди.

Бироз аввал айнан шу шаклда Президент Ражаб Эрдўғон Ўрта Шарқ Давлат Университети ректори этиб фан доктори ва профессор Мустафа Кўкни тайинлаган экан. Ваҳолангки , Мустафа Кўк ўқитувчилардан энг кўп овоз олган номзод эмасди.

Хабарда айтилмаса ҳам тахмин қилиш мумкинки, Ражаб Эрдўғон Мустафа Кўкни фанатик исломчиларга яқин бўлгани учунгина танлаган ва буни ҳамма, ҳатто талабалар ҳам, билган. Бунинг устига, Ражаб Эрдўғон бу ректорга, тарихда биринчи марта, аввалдан маълум бўлган миқдордан кўп маош ҳам тайинлаган экан. Битирувчилар “Университет пуллиларники эмас” деб бақирганларида айнан шу фактга ҳам асосланганларига шубҳа йўқ.

Ўрта Шарқ Давлат Университетида бўлган воқеа – Туркияда исломчилар ва дунёвийчилик тарафдори бўлган отатуркчилар ўртасида авжига чиқиб бораётган курашнинг навбатдаги мисолидир. Кечагина “Ҳаракат” тарафидан тарқатилган “Туркияда исломчиларнинг адолатсизлигига қарши отатуркчиларнинг Адолат Юриши бўлмоқда” сарлавҳали хабаримизда ҳам бу курашдан битта намуна келтирган эдик.

Стадионда “Бу Университет пуллиларники эмас, ректорники эмас, университетликларники” деган маънодаги плакат ҳам осилибди, уни расмда кўрмоқдасиз.