30 June 2017
21:41 - АҚШ Давлат Департаменти Ўзбекистон ҳукуматини мажбурий меҳнатдан фойдаланмасликка чақирди

АҚШ Давлат Департаментининг одам савдосига доир бу йилги ҳисоботида “Ўзбекистон ҳукумати одам савдосига барҳам бериш бўйича минимал стандартларга тўлиқ жавоб бермайди ва бунинг учун етарлича саъй-ҳаракат қилаётгани йўқ, шунинг учун у 3-даражада қолди”, дейилади.

Шунга қарамай, Ўзбекистон ҳукумати одам савдосига қарши курашиш бўйича чоралар кўргани, болаларнинг пахта териши, мажбурий меҳнат каби ҳолатларни назорат қилишга имкон берилгани қайд этилган. Ҳукумат шунингдек болалар меҳнати тақиқланиши бўйича аҳоли хабардорлигини ошириш борасида катта кампания ўтказгани эътироф қилинган.

Бундан ташқари, ҳукуматнинг одам савдосида гумон қилинаётганларни таъқиб қилишда давом этаётгани, трансмиллий жараёнларда қатнашаётгани ва одам савдоси жабрланувчилари тикланиш марказларини молиялаштираётгани таъкидлаб ўтилган.

Шу билан бирга, баъзи жойларда барибир болалар меҳнатидан фойдаланиш, пахта далаларида меҳнат қонунчилигини бузиш ҳолатлари давом этаётгани таъкидланган.

Давлат Департаменти ҳисобот сўнгида Ўзбекистонга қатор тавсиялар берган:

- пахта теримларида мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тўхтатиш чораларини кўриш;
- пахта терувчилар учун меҳнат шароитларини яхшилаш;
- мажбурий болалар меҳнатини йўқ қилиш;
- кузатувни кучайтириш;
- мустақил кузатувчиларга пахта етиштириш мониторингини кузатишга тўлиқ имкон бериш ва уларни таъқиб этишни тўхтатиш;
- одам савдосига аралашган шахсларни жавобгарликка тортиш;
- қишлоқ хўжалигидаги меҳнат шароитларини яхшилаш;
- теримга ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, коллеж ва лицей ўқувчиларини жалб қилмаслик;
- меҳнат ҳуқуқи борасидаги аҳоли хабардорлигини оширишда давом этиш.