19 June 2017
18:50 - “Ижтимоий фикр” сўров ўтказди, ўзбеклар диктаторликдан роҳатсиз экан

"Халқ сўзи" газетаси хабар қилишича, "Ижтимоий фикр” маркази халқ орасида сўровнома ўтказган ва мамлакат аҳолисининг сал кам 57 фоизи Ўзбекистонда диктатура мавжддлигидан роҳатсиз эканлиги аниқланган. Тўғри, газета “диктаторлик” сўзини ишлатмасадан, “коррупция” сўзи билан чегараланибди. Аммо, ҳозир бутун дунё биладики, коррупция диктаторликларнинг маҳсулотидир. Тўғрироғи, ҳар қандай давлатда “коррупция” даражаси шу давлатдаги “диктатура” даражасига тўғри пропорционал, “демократия” даражасига тескари пропорционалдир.

Мақолада сўровнинг қачон ўтказилгани ва унда қанча одам иштирок этгани айтилмаган бўлса-да, бу масхарабоз ташкилот ўзи билмаган ҳолда мамлакатимизнинг ҳақиқий аҳволини кўрсатадиган рақамлар эълон қилиб қўйгани қизиқдир. Ҳолбуки, шу пайтгача, "Ижтимоий фикр" ўз респондентлари Ўзбекистонда ҳамма нарсани ижобий баҳолашлари ва баҳтиёр эканликларини кўрсатувчи сохта рақамлар эълон қилиш билан овора бўларди.

Хабардан маълум бўлишича, Қорақалпоғистон, Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида мамлакатимизда коррупция бор деб ҳисоблайдиганларнинг фоизи яна ҳам кўпроқ чиқибди. Шаҳар аҳолиси қишлоқ одамларига қараганда жамиятда коррупция мавжудлигини кўпроқ таъкидлагани ҳам хабарда алоҳида урғуланади. Бу ҳам табиий нарса.

Энди "Ижтимоий фикр” маркази "порахўрлик" масаласида ҳам шунга ўхшаш сўровнома ўтказса керак. Аввалдан башорат қилиш мукинки, аҳолининг сал кам 100 фоизи Ўзбекистон "порахўрлик" ботқоғида эканлигини тан олади.