16 June 2017
08:42 - Ўзбекистонда 20-25 йиллар аввал бўлган воқеалар ҳозир Озобайжонда бўлмоқда

Шу кунларда Озорбайжон ва Гуржистон мухолифатчилари, мустақил журналистлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг диққат марказида қуйидаги воқеа турибди.

29 май куни Гуржистоннинг пойтахти Тбилисининг марказида номаълум одамлар икки йилдан бери шу ерда қочқин сифатида яшаётган, шу ерда гуржи демократлар билан Озорбайжондаги диктаторлик режимга қарши турли тадбирлар уюштириб келаётган, диктатурани фош қилувчи мақолалари билан Интернетда танилган озорбайжонли журналист Афган Мухторлини ўғирлаб кетдилар. Икки кундан кейин Озорбайжон расмийлари Афган Мухторли Гуржистон-Озорбайжон чегарасидан ноқонуний ўтаётганда ушлангани, қўлида ҳеч қандай ҳужжат бўлмагани, аммо чўнтагидан 10 минг доллар пул чиққани, ўзини ушлаётган чегарачиларга куч ишлатиб қаршилик кўрсатгани ҳақида хабар тарқатдилар. У Бокуга олиб келинди, суд уни тергов вақтида 3 ойгача ҳибсда ушлаш қарори чиқарди.

Унинг адвокати Элчин Садиковни айтишича, Тбилисида Афган Мухторлини грузин тилида гапираётган одамлар бошига қоп кийгазиб ва автомобилга тиқиб олиб қочганлар. Йўлда икки марта автомобиль ўзгартирилган ва учинчи автомобилда озорбайжонча гаплашаётганлар бўлган ва улар Афган Мухторлини Озорбайжонга олиб келганлар. Унинг паспорти ҳам бўлмаган, паспорти Тбилисида қолган.

Унга чегарадан ноқонуний ўтишга ҳаракат қилиш, ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатиш, контрабанда каби айблар қўйилмоқда. Адвокат суднинг қарорига қарши апелляцион ариза берган, аммо, шубҳасиз, унинг талаби Илҳом Алиевнинг қўлида қўғирчоқ бўлган суд томонидан рад этилади.

Гуржистон ва Озорбайжоннинг демократ мухолифатчилари Гуржистон махсус хизматлари Афган Мухторлини ушлаб Озорбайжонга ўтказишда иштирок этган бўлишларнинг эҳтимоллиги катта эканини айтмоқдар ва Гуржистон раҳбарларидан расмий баёнот истамоқдалар. Ғарбга яқинлашиб бораётган Гуржистон Озорбайжоннинг Гуржистон орқали Туркияга ўтказиладиган нефти туфайли, маълум маънода, Озобайжонга боғлиқ бўлиб қолгани сабабли, бундай ишга қўл уриши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда 20-25 йил аввал бўлган шу каби воқеаларни эслаш лозим.

1992 йил декабрь ойининг бошларида Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг раиси, “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг асосчиларидан бири, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг укаси Абдуманноб Пўлат ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг катта мажлисини ўтказди.

Эслатиб ўтиш керакки, ўша пайтда ҳокимиятни қўлга тўла олиб бўлган Ислом Карим ҳозирги мавжуд диктаторликнинг асосларини яратиб бўлганди, Ўзбекистонда бу каби мажлислар ўтказиш ҳақида ўйлаб ҳам бўлмасди. 1992 йилнинг бошларида Тошкентдаги талабалар шаҳарчасида бу режим тарафидан нархларнинг кескин оширилишига қарши чиққан талабалар ўққа тутилган, бир неча талаба ўлдирилган куни талабаларни тинчлантириш учун у ерга борган Абдуманноб Пўлатга қарши гўёки Президент Ислом Каримнинг расми остига “Шундай ҳайвон борки, ўз фарзандларини ейди” деган сўзлар ёзилган плакатни тайёрлаш ва шу йўл билан Ислом Каримни ҳақорат қилиш айби билан жиноий иш очилгани сабабли, у Москвага кетиб қолишга мажбур бўлган эди. Ўша пайтда Қирғизистонда Асқар Ақаев президент бўлиб, у ўз мамлакатини Марказий Осиёда демократия оролига айлантираётганди. Шу сабабли, ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг у ерда йиғилиши табиий бўлганди.

Йиғилишдан кейин Абдуманноб Пўлат бошчилигидаги бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячиларини шахсан Асқар Ақаевнинг ўзи қабул қилди. Бундан дарғазаб бўлган Ислом Карим ўша дақиқаларида Асқар Ақаевга телефон қилиб, қаттиқ гаплашгани ва Асқар Ақаевни чекинишга мажбур қилгани айтилади. Бунга ишониш мумкин, чунки, кейин бўлган воқеалар айнан шуни кўрсатарди.

Воқеалар эса қуйидагича давом этди, Абдуманноб Пўлатни Бишкек марказида бур гуруҳ Ўзбекистон КГБсининг хизматчилари ҳамманинг кўзи ўнгида зўрлаб минибусга тиқиб қочирдилар ва қандайдир йўл билан Тошкентга олиб келдилар. У ҳибсда ўтирар экан, унинг устидан йил бошида очилган жиноий иш бўйича терговлар бошланди. Тахминан икки ойдан кейин суд бўлди, демократик дунёнинг босими остида Ислом Карим Абдуманноб Пўлатга шартли қамоқ жазоси бериш билан чекланишга мажбур бўлди, шундан кейин Абдуманноб Пўлат аввал Москвага ва у ердан АҚШга кетди, сиёсий қочқин мақоми билан шу ерда яшайбошлади. Кейинчалик оиласи ҳам униннг олдига келди.

Абдуманноб Пўлат АҚШдан туриб ҳам бутун умрини Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячиларига ёрдам бериш билан ўтказди, аммо 2010 йилнинг охирида саратон касали натижасида 59 ёшида оламдан ўтди.

1994 йили эса, собиқ Ўзбекистон халқ депутати, собиқ Муборак шаҳар ижроия кўмитасининг раиси Мурод Жўра айнан шу шаклда Қозоғистоннинг ўша пайтдаги пойтахти Олмотадан қочириб келинди ва гўёки Ислом Каримни ўлдириш учун ҳаракат бошлаганликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг қамоқ муддати турли сабаблар билан узайтириб борилди ва демократик дунёнинг талаби билан 21 йилдан кейин, аниқроғи, 2015 йил 12 ноябрда озод қилинди.

Кўриб турибмизки, диктаторларни иш услублари ҳамма ерда бир хил. Уларнинг мақсади - ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистлар ва демократия тарафдори бўлган мухолифатчиларнинг оғзини бекитиш ва чексиз диктаторликни давом эттириш.

Расмда (чапдан ўнгга) - Афган Мухторли, Абдуманноб Пўлат, Мурод Жўра.