14 May 2017
17:29 - Ҳақиқий сенсация: Истанбулда мусулмонлар насронийларнинг Ая-София черковини қайтадан мачит қилиш талаби билан чиқдилар

Кеча, яъни Византия Империясининг пойтахти Константинопол шаҳри турклар тарафидан босиб олиниб, Усмонли Императорлигининг, айни замонда, Халифаликнинг пойтахтига айлантирилишнинг 564 йиллиги арафасида, бу шаҳардаги насронийларнинг ўз вақтидаги энг буюк ибодатхонаси Ая-София черкови атрофида саҳар соатларида сони мингга яқинлиги айтилаётган мусулмонлар тўпландилар. Бу ҳақда хабар берган Туркиядаги энг катта обрўли матбуот нашрларидан бири “Hurriyet” газетасининг инглизча саҳифасида (hurriyetdailynews.com) айтилишича, Ая-София атрофида тўпланганлар бу ибодатхонани қайтадан мачитга айлантиришни талаб қилиб, Ая-София олдидаги майдонда саҳар намозини қилдилар (расмда).

Эслатиб ўтиш керакки, Ая-София ибодатхонаси 324-337 йиллари қурилган, аммо ўша пайтдаги турли инқилоблар ва зилзилалар вақтида бир неча марта бузилиб кетган, ҳозиргача сақланиб келаётган биноси 6-чи асрнинг бошларида яратилган. Бу ибодатхона ўз вақтида шунчалик муҳташам эдики, унинг яратилишда илоҳий кучлар иштирок этгани ҳақида ривоятлар юрарди, 12 асрда Парижда Нотр-Дам де Пари ибодатхонаси қурулгунча, у дунёнинг энг катта ибодатхонаси ҳисобланарди.

1453 йил 29 май куни Константинопол турклар тарафидан ишғол этилгандан кейин, русларни ҳам ўз ичига олувчи православ насронийларнинг Ая-София ибодатхонаси мачитга айлантирилди, унинг атрофида 4 минора қурилди. 1935 йилда, яъни Отатурк замонида, Туркия ҳукуматининг қарори билан Ая-София мачити музейга айлантирилди. Сўнги йилларда Ғарбда Ая-Софияни қайтадан насронийларнинг ибодатхонасига айлантириш талаблари кучаймоқда. 2007 йили бу масала ҳатто АҚШ Конгрессида ҳам муҳокама қилинди. Аммо, кўпчилик бу масалада янги урушга бормаслик тарафдори бўлди. Аммо, ҳеч шак-шубҳасиз, бу масала кун тартибидан тушмайди.

Кеча Ая-София олдида ўтказилган намойиш бир вақтлар Нажмиддин Эрбоқон тарафидан яратилган Саодат Партиясининг ёшлар қанати ҳисобланадиган “Анадолу Ёшлар Жамияти” тарафидан уюштирилибди. Ҳозирги Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон айнан Нажмиддин Эрбоқоннинг ўқувчиси, унинг энг яқин сафдошларидан бири бўлгани, аммо кейинчалик у билан чиқашолмай қолиб, ҳозир ҳокимиятда бўлган Адолат ва Тараққиёт Партиясини тузганини, Нажмиддин Эрбоқон эса, аллақачон оламдан ўтиб бўлганини ҳисобга олсак, савол туғилади – “Анадолу Ёшлар Жамияти”кеча Ая-София олдидаги намойишни Ражаб Эрдўғоннинг истаги ёки талаби билан ўтказмадими?

Агар шундай бўлса, аслида, шундай бўлган бўлса керак, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатнинг Туркияда 15 апрелда ўтказилган референдум олдидан Туркия халқига қилган мурожаатидаги “Агар Адолат ва Тараққиёт Партияси Туркияни исломий давлатга айлантириш йўлига ўтса, бу фақат Туркиянинг ўзи эмас, Ислом дунёсининг дунёвий/секуляр қисмига ва бутун дунёга катта хавф туғдиради, бутун дунё бунақа Туркияга қарши бирлашади ва бунинг натижасида Туркия худди Усмонли Халифалик каби қулайди, Истанбул қайтдан Константинополга айланади” сўзлари қанчалик тўғри бўлганини тушуниш мумкин.

Шуни ҳам алоҳида урғулаш керакки, кеча Ая-София олдидаги намойиш ҳақида “Ҳурриёт” газетасининг Интернетдаги инглизча саҳифасидан бошқа ҳеч қаерда, на Туркиянинг ўзида, на ташқи дунёда хабар қилинмади. Нимага?

Бутун насронийлар дунёси ҳозирча воқеаларни кузатиш билан чекланмоқчи. Аммо, ахир бир кун амалий ишлар қилишга ўтиши шубҳасиздир.