14 May 2017
15:23 - Шавкат Мирзиё Хитойда ўта фаоллик кўрсатмоқда. Натижалар бўладими?
11 май куни Хитойга расмий ташриф билан келган Шавкат Мирзиё 12 майда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин тарафидан қабул қилинди (расмда). Аввал давлат раҳбарларининг икки мамлакат делегациялари иштирокидаги музокаралари, сўнгра тор доирадаги учрашув бўлиб ўтди, дейилади ЎзАнинг ўша куниёқ эълон қилган хабарида. Тор доирадаги учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиё ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма баёнотни имзоладилар. Ҳукуматлараро техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги, халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги битимлар, умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга доир лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисидаги ҳукуматлараро ноталар алмашинуви ҳамда ветеринария ва ўсимликлар инспекцияси карантини соҳасида Англашув меморандуми, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш бўйича Англашув меморандуми, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2018-2020 йилларга мўлжалланган идоралараро алмашинув ҳамкорлик режаси каби қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Имзоланган ҳужжатлар, эришилган келишувлар Ўзбекистон – Хитой муносабатларини янада ривожлантириш ва халқларимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Кейин Шавкат Мирзиё Хитой ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди ва бугунги кунда Ўзбекистонда самарали фаолият юритаётган хитойлик ишбилармонларга миннатдорчилик билдириб ва алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканлигини қайд этиб, ишбилармонларни Ўзбекистонга таклиф қилди.

Учрашувда қатнашган Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Мэн Цзень Чжу, «COFCO» корпорацияси директорлар кенгаши раиси Чжао Шуанлянь, Хитой давлат тараққиёт банки вице-президенти Чжан Сюгуан, Хитой Эксимбанки вице-президенти Сунь Пин, «Поли интернэшнл» компанияси бош директори ёрдамчиси Мяо Цзэчун ва бошқалар Ўзбекистон билан ҳамкорлик юқори натижалар бераётгани, бундан кейин ҳам ўзаро алоқаларни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.

Шу куниёқ Шавкат Мирзиё Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси Раиси Чжан Дэцзян, Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцян ва Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси директорлар кенгаши раиси Ван Илин билан ҳам учрашлар ўтказган. Бу учрашувлар ҳақидаги хабарлар умумий гаплардан иборат.

ЎзАнинг бугунги хабарида Шавкат Мирзиё Пекин шаҳридаги Хитой аэрокосмик илмий-саноат корпорациясига ташриф буюргани ҳам айтилади. Бу ташриф кеча бўлган бўлса керак. Чунки, бугун Пекинда 30 га яқин давлат раҳбарларининг иштирокида “Бир белбоғ - бир йўл” (ёки “Бир макон – бир йўл”) деб аталадиган йирик халқаро анжуман иш бошлади. Шавкат Мирзиё ҳам ўша ерда.

Дарвоқе, Шавкат Мирзиё шунча ишнинг орасида Пекин шаҳрининг Тяньаньмэнь майдонидаги Халқ қаҳрамонлари ёдгорлиги пойига гул қўйишга ҳам улгурибди.

Табиий, Ислом Каримнинг шу каби сафарлари натижаларидан келиб чиқиб, хабаримиз сарлавҳасидаги “Натижалар бўладими?” саволига жавоб ижобий жавоб кутиб бўлмайди. Қолаверса, Ўзбекистоннинг ўзида фундаментал ислоҳотлар ўтказилмагунча, натижа кутишнинг ўзи соддалик бўларди.