12 May 2017
19:16 - Санкт-Петербургдаги терактга алоқаси борлиги шубҳа қилинаётган Муҳаммадюсуф Эрматов ҳибсга олинди
Ўшлик ўзбек Акбаржон Жалилов шу йил 3 апрелда Санкт-Петербургда метрода портлаш уюштириб, ўзидан ташқари 14 кишини ўлдирганидан бери Россиянинг тегишли идоралари бу иш атрофида текширишлар олиб бораётганлари ҳақида хабарлар тўхтовсиз тарақтилмоқда. Навбатдаги хабар бугун тарқалди.

Бу хабарга кўра, Санкт-Петербургдаги терактга алоқаси борлиги шубҳа қилиниб Москвада қўлга олинган олинган Муҳаммадюсуф Эрматов (руслар унинг исми шарифини Мухаммадюсуп Эрматов деб ёзмоқдалар, паспорти бўйича шундай бўлса керак) Москва шаҳар Басманний судининг қарори билан ҳибсга олинди. Унинг уйидан Санкт-Петербургда портлатилган портлатгич каби қурилма топилгани ҳам айтилмоқда.

Муаммадюсуп Эрматов билан Москвада битта квартирада яшаб келган 5 киши аллақачон ҳибсга олинган, аммо хавфсизлик органлари Мухаммадюсуп Эрматовнинг ўзини тополмаётган эканлар. Ниҳоят уни кеча қўлга олишибди ва бугун прокуратуранинг талаби билан суд уни расман ҳибсга олиш қарорини чиқарибди.

Унинг укаси Иброҳим ҳам террористик гуруҳ аъзоси эканлиги айтилмоқда. Бу гуруҳнинг раҳбари деб ҳисобланаётган, аммо ҳали топилмаган Абу Салах ал-Ўзбек эса, ака-ука Эрматовлар каби Ўш вилоятининг Қашгар-Қиштак қишлоғидан экан.

Расмда - Муҳаммадюсуф Эрматов.