12 May 2017
20:24 - Жаҳон Банки Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми бу йил 7,8 фоизга ўсишини тахмин қилмоқда, Шавкат Мирзиё нима дейди?
Жаҳон Банки Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодиётнинг ҳолатига доир маърузасини эълон қилди. Ҳисоботга кўра, 2017 йилда Ўзбекистонда Ялпи Ички Маҳсулот ўсиши бироз секинлашади - 2016 йилда ЯИМ ўсиши 8 фоиз бўлган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 7,8 фоизни ташкил қилади.

Маърузада шунингдек мамлакатдаги инвестицияларнинг 9,5 фоизга ўсгани қайд этилган. Экспорт ҳажмининг ўсиши кимёвий моддалар, автомобиллар, олтин ва хизмат кўрсатиш соҳаси ҳиссасига тўғри келиши, газ, металл ва пахта экспорти эса камайгани таъкидланади. Маърузада Ўзбекистон импорти қисқаргани алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, 2016 йил охиридаги сайловлар мамлакатдаги сиёсий барқарорликни сақлаб қолгани таъкидланади. 2017 йилнинг "Халқ билан мулоқот йили" дея эълон қилингани, мамлакатда олиб борилаётган модернизациялаш ишлари Ўзбекистоннинг янада фаровон давлат бўлиши учун хизмат қилишига ишонч билдирилган.

Аввалги йиллардан маълумки, Жаҳон Банки ҳар доим ЯИМнинг йиллик ўсиши ҳақида шунга яқин рақамни айтарди, аммо йил битгандан кейин Ислом Карим ЯИМ 8 фоиздан кўпга ортганини билдирарда. Бу йил ҳам шундай бўлиши, яъни Шавакт Мирзиё 2017 йилда ЯИМ 8 фоиздан кўпга ортганини эълон қилиши муқаррар.