10 May 2017
21:48 - Ўзбекистонга сўнгги 15 йилда илк марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари келди
Бугун, 10 май куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Тошкент халқаро аэропортида меҳмонларни Инсон Ҳуқуқлари Миллий Маркази директори Акмал Саидов ва БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Стефан Приснер жаноблари кутиб олишган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (ИҲОКБ) делегациясининг 2017 йил 10-12 май кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон билан ИҲОКБ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, шунингдек, томонларни қизиқтирган соҳаларда келгусидаги алоқалар ва ҳамкорлик йўналишларини аниқлаш масалалари муҳокама этилади, дейилади Кун. Уз нашри хабарида.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зойид Раад ал-Ҳусайн Олий суд раиси Ш. Газиев, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири М. Икромов, Ички ишлар вазири А. Азизов ва Бош прокурори И. Абдуллаев билан учрашди.

БМТ радиосининг хабар беришича, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Зайд Раад ал-Ҳусайн, инсон ҳуқуқлари бўйича дунёдаги вазият ҳақида маърузани тақдим этар экан, Ўзбекистоннинг муваффақиятларини алоҳида таъкидлаб ўтган. Унинг фикрича, Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев суд-ҳуқуқ тизимини самарадорлигини оширишга ҳамда адолатли ва мустақил суд жараёнларини ташкил этишни таъминлашга қаратилган қонунлар қабул қиляпти.

Олий комиссар Ўзбекистоннинг БМТ ҳуқуқни ҳимоя қилиш тузилмалари билан ҳамкорлиги ҳақида ижобий фикр билдирди. У ҳукумат аъзолари, давлат ташкилотлари раҳбарлари билан учрашмоқда. У, шунингдек, фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам кўришди.

Учрашувда иштирок этган журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, учрашув қисқа ўтганига қарамай ҳуқуқ фаоллари мавжуд муаммолар ва ислоҳотлар самараси ҳақида гапиришга улгурдилар.