29 April 2017
02:25 - Умматнинг ғариб аҳволи: Умра қилаётган мусулмонлар Маккада ҳам жанжаллашадилар, аммо динимизнинг ғамидан ғамлари йўқ

Туркларнинг “Жумҳурият” газетаси хабар қилишича, 25 апрель оқшом соатларида Умра сафари бажараётган Исмоилоға жамоасининг икки оқими вакиллари Каъбадан 1 км узоқда бир-бирлари билан жанжаллашишлари, сўнгра муштлашишлари натижасида бир неча одам ярадор бўлган. Бу гуруҳ узоқ вақтдан бери ижтимоий тармоқларда жанжаллашар экан, мана энди Маккада оғзаки жанжал тўғридан-тўғри муштлашишга айланиб кетибди. Касалхонага ётқизилганлар ҳам бор. Ярадор бўлганларнинг уч нафарини расмда кўришингиз мумкин.

Қаранг, Исмоилоға жамоаси Исломдаги кўпдан-кўп оқимлардан биттаси бўлиб, бу оқим ичида ҳам турли гуруҳлар бор экан. Маккада жанжал қилган гуруҳлар Kıyam-Der ва Fatih мадрасаларига оид мусулмонлар эканлиги маълум бўлибди.

Fatih мадрасаси бу воқеа бўйича баёнот тарқатиб, ўз одамлари ҳақиқий мусулмонлар, қарши тарафни “Заррача Ислом аҳлоқига эга бўлмаган сўздагина бир умрачи гуруҳ” эканлигини, ўша гуруҳ ҳақиқий мусулмонларга меҳмонхона лоббисида ҳужум қилганини уруғулабди. Аммо, жанжал нимадан чиққанини айтмабди.

Ислом дунёси жаҳоннинг энг қашшоқ ва қолоқ қисми ҳолига тушиб, мусулмонлар минг йилдан бери биронта янгилик яратолмасдан насроний ва яҳудийларнинг хизмакорига айланиб бўлган вақтда, турли исломий гуруҳлар ўзаро жанжаллашиш, муштлашиш ва ҳатто урушиш билан овора. Ислом уламолари бор муаммоларни ҳал этиш устида ўйлаш ўрнига, чўнтакларини пул билан тўлатиш билангина бандлар.

“Ҳаракат” мутлақо ҳақ, ўз вақтида Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказилмаса, мусулмонларнинг аҳволи бундан баттар бўлади. Уларга Алишер Навоийнинг сатрларини эслатиш керак:

Одамий эрсанг демагил одами,
Оники йўқ халқ ғамию дин ғами.