28 April 2017
15:29 - Бечора ёки ўзи шунақа ўзбеклар: Сўз эркинлиги бўйича ҳам Ўзбекистон дунёда ҳаммадан орқада. "Ҳаракат": Қачон одам бўламиз?

АҚШнинг машҳур Фридом Хаус (Freedom House) ташкилоти дунё мамлакатларининг “матбуот эркинлиги” рейтинги бўйича рўйхатини эълон қилди. Рейтинги 0-30 орасида бўлган мамлакатлар “эркин”, рейтинги 31-60 орасида бўлган мамлакатлар “қисман эркин”, рейтинги 61-100 орасида бўлган мамлакатлар “эркин бўлмаган” матбуотли деб баҳоланган.

Умумий рўйхатнинг биринчи қатори 8 рейтинг билан Норвегияга, охирги учта қатори эса, 95 рейтингли бечора Ўзбекистонимизга ва 98 рейтингли Туркманистон ва Шимолий Кореяга берилган.

Рўйхатнинг “эркин матбуотли мамлакатлар” қисмининг бошида Норвегия, Швеция, Финландия туриб. Улардан ташқари рўйхатнинг бу қисмида АҚШ, Канада, Ғарбий Европа (Италиядан ташқари), Тайван, Япония, Австралия, Янги Зеландия, Перу, Уругвай, Суринам киритилган. Мана уларни баъзиларининг рейтинги:

Норвегия - 8
Швеция - 11
Финландия - 12
Эстония – 16
Канада - 18
Германия - 20
АҚШ - 23
Англия - 25
Тайван - 25
Франция - 26
Латвия - 26
Япония - 27
Перу - 29

“Қисман эркин мамлакатлар” ичига Шарқий Европа мамлакатлари (Италия ҳам ўша ерда), Жанубий Американинг сал кам ҳаммаси, Африканинг сал кам ярми, Мўғилистон, Ҳиндистон, Филиппинлар, Непал, Индонезия, Гуржистон ва ҳатто Афғонистон киритилган. Мана баъзи мамлакатларнинг рейтинги:

Италия – 31
Украина - 33
Польша – 34
Мўғилистон – 37
Жанубий Африка Жумҳурияти - 38
Ҳиндистон – 43
Филиппинлар – 44
Гуржистон – 50
Мавритания - 53
Афғонистон – 60
Қувайт - 60

“Эркин бўлмаган мамалатлар” рўйхатига Америкадан Мексика, Эквадор, Венесуэла, Осиёнинг сал кам ҳаммаси ва Африканинг ярмидан кўпроғи киритилган. Бу мамлакатлардан баъзиларининг рейтинглари:

Мексика – 64
Жазоир - 65
Марокаш – 66
Қирғизистон - 67
Малайзия – 69
Туркия – 76
Миср - 77
Сомалия – 79
Россия – 83
Қозоғистон – 85
Саудия Арабистони – 86
Тожикистон – 87
Хитой - 87
Озорбайжон - 90
Эрон – 90
Ўзбекистон – 95
Туркманистон – 98
Шимолий Корея - 98

Ўзбек миллати ва Ўзбекистон давлатини феълан йўқ қилдириш мақсадида бошимизга Лубянка тарафидан ўтқизилган тожик аслли ҳаромий Ислом Каримнинг ўлганига ярим йилдан кўп вақт бўлди, ўтган йилнинг сентябрь ойидан бери ҳокимият Шавкат Мирзиёнинг қўлида. Сўз эркинлиги масаласида эса, ҳалигача ҳатто Сомалия ва Афғонистон каби давлатлардан орқадамиз. Ҳокимиятга Шавкат Мирзиёнинг келиши Ўзбекистонда ҳеч нарсани ўзгартирмайди, деганларнинг фикри, минг афсуски, тўғри бўлиб чиқмоқда.

Аммо, ҳамма нарсада раҳбарларни айблайвериш ҳам унчалик тўғри эмас. Ҳозир 21 аср, Сталин қайтиб келса ҳам сталинча диктатурани юритолмаган бўларди. Ҳозир диктатура шароитида ҳам демократия ва сўз эркинлиги учун курашиш мумкин. Аммо, ўзбек миллати улуғ шоиримиз Алишер Навоийнинг “Одам эрсанг демагил одами, онким йўқ халқ ғамидан ғами” сўзларини унутиб, миллат сифатини йўқотди, ўзбекларнинг кўпчилиги одам сифатини йўқотди. “Инсоний эркинлик” тушунчаси ўзбеклар учун ёт бўлиб қолмоқда. Имкони бор ўзбеклар Интернетга киришни ўрганиб олиб, уни ахлатхонага айлантириш билан машғуллар.

Демак, ҳақиқий ўзбекларнинг вазифаси мавжуд режимни ўзгартиришгина эмас, ўзбекларни қайтадан одам қилиш бўлиши керак. “Бирлик” Партияси ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” айнан шу йўналишда фаолият олиб бормоқдалар.