14 April 2017
20:40 - Ўзбекистон Швецияга террорчи Оқилов ҳақидаги маълумотларни узатди

Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комил журналистлар билан учрашув вақтида Стокголмдаги терактни содир этган Раҳмат Оқиловнинг ИШИД аъзоси бўлгани ҳақидаги маълумотларни очиқлади ва улар Швеция расмийларига узатилганини айтди.

Мана унинг бу ҳақда айтган гаплари: “Хорижда бўлиш мобайнида у интернет тармоғи орқали халқаро ИШИД террористик гуруҳи эмиссарлари томонидан оғдириб олинган. Мавжуд маълумотларга кўра, ўз ватандошларини Сурияда ИШИД томонида жанговар ҳаракатларда иштирок этишга фаол тарғиб қилиб келган. Кўп марта интернет-мессенжерлари орқали Ўзбекистондаги яқинларига террористик мазмундаги видеороликларни жўнатиб турган ва уларни Ўзбекистон ҳокимият, бошқарув органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари ходимларига қарши зўравонлик ҳаракатларини амалга ошириш учун оғдиришга ҳаракат қилган.

Оқиловга нисбатан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят Ккодексининг 127, 244 ва 244−1 моддаларида кўзда тутилган жиноятларни амалга оширганлик учун жиноий иш очилган ва шу йилнинг февралида қидирув эълон қилинган”.

Эслатиб ўтамиз, 7 апрель куни Раҳмат Оқилов Швеция пойтахти Стокголм шаҳрида юк машинасини олиб қочиб одамлар устига ҳайдади. Ушбу ҳужум оқибатида 4 киши қурбон бўлиб, 15 киши жароҳат олди. “Ҳаракат” бу терактни ислом терроризми кун сайин ёйилиб бораётган вақтдаги оддий воқеа деб ҳисоблади ва бундай воқеаларнинг тўла олдини олишнинг ягона йўли - Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш эканлигини урғулади.