14 April 2017
19:11 - Бишкекда Евросиë Иқтисодий Иттифоқи саммити ўтказилди, яккамохов Ўзбекистон қаерда?

Қирғизларнинг Кабар Агентлиги (kabar.kg) бугун Бишкекда 5 давлат - Белорусия, Қозоғистон, Россия, Арманистон ва Қирғизистонни бирлаштирувчи Евросиë Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) номли ташкилотнингбошқарув органи деса ҳам бўладиган Олий Кенгаш (тўла номи - Евроосиë Иқтисодий Иттифоқининг Олий Кенгаши) навбатдаги йиғилишини ўтказгани ҳақида хабар берди. Табиий, Олий Кенгашнинг ҳамма ъазолари шу ерда эди. Булар – Қирғизистон, Арманистон, Қозоғистон, Россия ва Белорусия президентлари Алмазбек Атамбаев, Серж Саргсян, Нурсултон Назарбой, Владимир Путин ва Александр Лукашенко.

Йиғилишда Евросиё Иқтисодий Комиссиясининг раиси Тигран Саркисян ва айнан бугун бу ташкилотда кузатувчи мақомини олган Молдова президенти Игорь Додон ҳам қатнашибди.

Йиғилишда 10 та ҳужжат имзоланган. Бу ҳужжатлар Молдовага кузатувчи мақоми бериш, Эрон билан алоқаларни ривожлантириш, ҳамма МДҲ мамлакатларига (балки, келажакда – «Ҳаракат») кузатувчи мақоми бериш, Олий Кенгашнинг кейинги йиғилишини 2017 йил 11 октябрда Москвада ўтказиш ва яна бир қатор унча муҳим бўлмаган масалалар ҳақида.

Олий Кенгашнинг йиғилишидан кейин айнан шу президентлар Алмазбек Атамбаев, Серж Саргсян, Нурсултон Назарбой, Владимир Путин ва Александр Лукашенко бир маҳаллар Ислом Каримнинг таклифи билан Тошкентда тузилган, аммо кейин Ўзбекистон чиқиб кетган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти раҳбарларининг норасмий учрашувини ўтказишибди. Бу учрашувда нималар гаплашилгани хабарда айтилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Нурсултон Назарбойнинг қўллови билан Путин томонидан 2001 йилда Евросиё Иқтисодий Ҳамжамияти сифатида тузилган, 2014 йилда Евросиё Иқтисодий Иттифоқига айлантирилган мазкур тузилма, постсовет ҳудудидаги асосий интеграцион лойиҳадир. Аввал Ислом Карим, энди Шавкат Мирзиёнинг одамлари Евроосиë Иқтисодий Иттифоқи ва Божхоналар Иттифоқига аъзо бўлиш Ўзбекистонга ҳеч қандай афзаллик бермаслигини, аксинча, баъзи масалаларда бизга зарар келтириши мумкинлигини гапиришади.

“Ҳаракат”га кўра, Ўзбекистон бу ташкилотга кирмаётганини ягона сабаби – Ўзбекистон амалда ишлайдиган халқаро уюшмаларга аъзо бўлоладиган ҳуқуқий давлат эмаслиги, аъзо бўлиш қандайдир қонунлар доирасида ишлашни талаб қилиши, Ўзбекистонимиз эса, қонунлар доирасида яшайдиган замонавий ҳуқуқий давлат ҳам эмас, Совет замонининг колхозларига ўхшаган бир нарса эканлигидир. Шундай экан, Ўзбекистонда жиддий сиёсий ислоҳотлар ўтказилмагунча, мамлакатимиз яккамоховликка маҳкумдир.