14 April 2017
21:21 - Шавкат Мирзиё Ташқи Иқтисодий Алоқалар, Инвестициялар ва Савдо вазирилигини ҳам ислоҳ қилишни бошлади, яна косметик ўзгаришлар бўладими?
Бугун матбуотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёнинг “Ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ташқи Иқтисодий Алоқалар, Инвестициялар ва Савдо вазирилиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи Савдо Вазирлигига айлантирилади.

“Ташқи савдо алоқаларининг самарадорлигини янада ошириш, ташқи савдони либераллаштириш, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда рақобатдош маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш тизимини такомиллаштириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар билан хорижий шериклар ўртасида савдо соҳасида узоқ муддатли барқарор шериклик муносабатларини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи Иқтисодий Алоқалар, Инвестициялар ва Савдо вазирилиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи Савдо Вазирлиги этиб қайта ташкил қилинсин”, дейилади фармонда.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Ташқи Савдо Вазирлиги ваколатли давлат органи бўлиб, ташқи савдо соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул ҳисобланади ҳамда ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштирилиши белгиланган.

Ҳеч шубҳа йўқки, дейди мухбиримиз, вазирликнинг номи ўзгартирилмасдан аввал ҳам у “ваколатли давлат органи бўлиб, ташқи савдо соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул ҳисобланади ҳамда ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштирилиш” билан шуғулланган.

Қизиқ, энди нима ўзгарди, асосий ўзгариш - бу вазирликни ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестициялар билан шуғулланишдан четлаштиришми? Хўш, ундай бўлса, ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестициялар билан ким шуғулланади? Кўрамиз, аввалги вазирликни қайта ташкил этиш билан шуғулланадиган Комиссия (раиси - А.Ж.Раматов) бу саволларга қандай жавоб беради.