30 March 2017
19:35 - Президент Шавкат Мирзиё “Газпром” раҳбари Миллерни қабул қилибди, эски тос, эски ҳаммом
Россиянинг “Газпром” ширкати бошқаруви кенгаши раиси Алексей Миллер кеча кечқурун Тошкентга келгани ва у Президент Шавкат Мирзиё томонидан қабул қилиниши, “Ўзбекнефтегаз” МХК бошқаруви раиси Алишер Султон билан музокаралар олиб бориши кутилаётгани ҳақида кеча хабар тарақатилган эди.

Ҳозир маълум бўлишича, Шавкат Мирзиё Алексей Миллерни у Тошкентга келар-келмас қабул қилган экан. Бу ҳақда ЎзА дарҳол хабар ҳам тарқатишга улгурибди. Ўша хабарга кўра, учрашувда Ўзбекистонда нефть-газ соҳасини ривожлантириш, жумладан, 2017-2021 йилларда углеводород қазиб олишни кўпайтириш дастури доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилибди. Бундан ташқари, мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилибди.

Хуллас, хабар умумий гаплардан иборат. “Ҳаракат” Агентлиги Алексей Миллернинг Тошкентга келиши ҳақидаги хабарга кеча берган таҳлилдида қуйидаги фикрлар айтилган эди.

Россия ўтган асрнинг 50-70-чи йилларидан фарқли ўлароқ Ўзбекистон газига муҳтож эмас. Россиянинг ўзи газ сотувчи катта давлатлардан биридир. Демак, Ўзбекистонда олинадиган газ ҳам бошқаларга сотилади. Россия бундай ишни ўз фойдаси учунгина қилишини назарга олсак, Ўзбекистон Россияга газни арзонга сотишини тушунамиз. Алексей Миллернинг тезда Тошкентга югуриб келишининг сабаби ҳам шу.

Қани кўрамиз, Ўзбекистон Россияга газни қанчадан сотаётгани ҳақида биронта маълумот берадими? Шавкат Мирзиё Путин билан учрашишдан олдин шундоғам қашшоқ бўлган ўзбек халқининг чўнтагидан Россияга катта совға бермаяптими? Ўзбек профессорлар ва сенаторлари қозоқ дворникларидан кам маош оладиган пайтда бундай иш қилиш тўғрими? Саволлар кўп, жавобларни кутамиз.

Алексей Миллер музокараларни битириб Тошкентдан кетиб ҳам бўлган бўлса керак. Аммо, биз қўйган саволларга ҳеч қандай жавоб кўринмади.