29 March 2017
22:11 - ЎзТВ: Шавкат Мирзиё олтин кони очилишида иштирок этди. “Ҳаракат”: Ўзбекистон йилига қанча олтин қазиб олади, қанча фойда олади, у фойда қаерга кетмоқда?

Ўзбекистон ТВ хабарига кўра, Президент Шавкат Мирзиё кеча Ауминзо-Амантой олтин конлари негизида Навоий кон-металлургия комбинатининг 5-гидрометаллургия заводи очилишида иштирок этди ва Ауминзо-Амантой олтин конларида ўзлаштиришни бошлаш учун рамзий тугмани босди (босиш пайти расмда). Тадбирни видеоконференция орқали Томди туманидаги 5-гидрометаллургия заводи бунёд этиладиган ҳудудда кузатиб турган комбинат мутахассислари биринчи портлатишни ҳам қилибдилар.

Расмий хабарларда айтилишича, 2017-2026-йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида 27 лойиҳа амалга оширилади. Қиймати 3 миллиард 63 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳалар натижасида комбинатнинг ишлаб чиқариш қуввати 30 фоизга ортади. Қўшимча 31 мингга яқин иш ўрни яратилади. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Навоий бўлими ташкил этилади. Академиянинг минтақавий бўлими Навоий ҳудудини технологик ва ижтимоий ривожлантиришга қаратилган фундаментал, амалий ва инновация илмий-тадқиқотларини олиб боришга ихтисослашган бўлиб, унинг таркибида 5 илмий лаборатория иш олиб боради.

Аммо, хабарларда бу янги кондан қанча олтин олиши кутилаётгани, Ўзбекистонда шу пайтгача қанча олтин олинаётгани, олинаётган олтин қандай ишлатилаётгани, у давлат бюджетига қанча пул келтираётгани каби нарсалар айтилмаган. Тўғрисини айтса, бу каби маълумотлар Ўзбекистонда ҳеч қачон, СССР замонида ҳам, мустақилликдан кейин ҳам берилмаган. Ўзбекларнинг эса, бунақа нарсалар билан иши ҳам йўқ.

“Ҳаракат” Агентлиги бу каби саволларга жавоб қидириб, бир вақтлар олтин нархининг дунё бозорида қандай ўзгариб боришини ҳам ёритиб борар эди. Аммо, минг афсуски, асосан молиявий етишмовчиликлар туфайли, бу каби муҳим масалаларнинг ҳаммаси билан шуғулланишга имкониятимиз бўлмаяпти.

Масалан, 2010 йил 23 майда олтиннинг нархи билан боғлиқ шундай таҳлил берган эдик (http://harakat.net/news/?id=5747):

“Ўзбекистон катта олтин заҳираларига эга, олтиннинг нархи дунё бозорида ошса, мамлакатимиз фойдасига бўлиши керак. Аммо, амалда нима бўлаётгани, олтинимиз ҳозир қаерга кетаётганини ҳеч ким билмайди. Турли тахминларга кўра, Андижон қонхўрлигидан сўнгра, Россия президенти Путинга орқа қилиб тахтини сақлаб келаётган Ислом Карим олтин конларимиз ва улардан олинадиган фойдани тўла русларнинг қўлига топширган. Демак, олтинимиз мустақилликдан олдин халқимизга ҳеч бир фойда келтирмагани каби, ҳозир ҳам келтирмаяпти. Русларнинг нефтдан олаётган фойдалари олтин нархининг ошиши туфайли яна ҳам кўпаймоқда. Ўзбек олтини ҳисобига ҳам.”

Охирги марта олтиннинг нархи билан боғлиқ хабарни 2013 йил 11 январда берган эканмиз (кўринг - http://harakat.net/news/?id=13126). Ҳозир бугунга оид баъзи рақамларни келтирмаиз.

Дунёда охирги йилларда бир йилда 3 минг тонна атрофида олтин қазиб олинмоқда. Бунинг 2/3 қисми, яъни тахминан 2 минг тоннаси жаҳоннинг 12 давлатга оид, уларнинг ичида 11-чи ўринда сўнги йлларда 71 тоннадан олтин қазиб олаётган Ўзбекистонимиз турибди. Ваҳолангки, СССРнинг охирги йилларида Ўзбекистондан 100 тонна атрофида олтин олиниши ҳақида ишонса бўладиган норасмий гаплар юрар эди. Ўшанда олтинимизнинг ҳаммаси Россияга олиб кетиларди, Ўзбекистон ундан ҳеч қандай фойда олмасди ҳисоб

Хўш, бугунги 71 тонна ҳақида гапирайлик. Ҳозир дунё бозорларида олтиннинг 1 унцияси (31,1034768 грамм) $1250 атрофида. 2007 йилда $800, 2010 йилда $1175 атрофида эди. Яъни, олтиннинг нархи тўхтовсиз ортиб бормоқда. Бугун олтиннинг 1 унцияси $1250 эканми, демак, Ўзбекистоннинг 71 тонна олтини сал кам $ 3 миллиарддир. Табиий, олтинни қазиб олиш текинга тушмайди. Шундай бўлса ҳам, Ўзбекистон Давлат Бюдженининг даромад қисми бор-йўғи $11 млрд атрофида эканлигини ҳисобга олсак, олтиндан яхшигина фойда келмоқда. Табиий, бу хусусда мутахассисларнинг таҳлили ҳам керак.

Бизнинг тўлиқ таҳлиллар бериш учун имконимиз етарсиз, аммо Ўзбекистоннинг расмий оммавий ахборот воситалари қаерда?