29 March 2017
19:39 - Ўзбекистон Россияга газ экпорти ҳажмини кенгайтирмоқчи, аммо нарх қандай бўлади?
Россиянинг “Газпром” ширкати бошқаруви кенгаши раиси Алексей Миллер кеча кечқурун Тошкентга келди. У Ўзбекистондан табиий газ харид қилиш, шунингдек, мамлакат ҳудудидаги инвестицион лойиҳаларни ишга тушириш масалаларини муҳокама қилиш учун ташриф буюрган. У Президент Шавкат Мирзиё томонидан қабул қилиниши, “Ўзбекнефтегаз” МХК бошқаруви раиси Алишер Султон билан музокаралар олиб бориши кутилмоқда.

Кеча Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Россия Бош вазири Дмитрий Медведев билан учрашувида (расмда) Ўзбекистондан Россияга газ сотилиши ҳам муҳокама этилганди. Хусусан, “Газпром” ва “Ўзбекнефтегаз” ўртасида ўзбек гази хариди бўйича ўрта муддатли шартнома тузиш масаласи муҳокама қилинган.

Маълумотларга кўра, Россия 2016 йилда Ўзбекистондан харид қилган газ ҳажми 6,2 млрд кубометр тенг бўлган. Аввалроқ “Газпром” 2017 йилда Ўзбекистондан 5 млрд куб газ сотиб олиши маълум қилинганди. Энди эса экспорт ҳажми ҳатто икки бараварга ошиши ҳам мумкинлиги айтилмоқда.

Ўзбекистон газ қазиб олувчи дунёдаги энг йирик давлатлар ўнлигига киради (йилига 63-65 миллиард куб метр газ), МДҲ давлатлари орасида эса учинчи ўринни эгаллайди. Ўзбек газининг асосий хариди Россия ва Хитой улушига тўғри келади, дейди мухбиримиз.

Маълумки, Россия ўтган асрнинг 50-70-чи йилларидан фарқли ўлароқ Ўзбекистон газига муҳтож эмас. Россиянинг ўзи газ сотувчи катта давлатлардан биридир. Демак, Ўзбекистонда олинадиган газ ҳам бошқаларга сотилади. Россия бундай ишни ўз фойдаси учунгина қилишини назарга олсак, Ўзбекистон Россияга газни арзонга сотишини тушунамиз. Алексей Миллернинг тезда Тошкентга югуриб келишининг сабаби ҳам шу.

Қани кўрамиз, Ўзбекистон Россияга газни қанчадан сотаётгани ҳақида биронта маълумот берадими? Шавкат Мирзиё Путин билан учрашишдан олдин шундоғам қашшоқ бўлган ўзбек халқининг чўнтагидан Россияга катта совға бермаяптими? Ўзбек профессорлар ва сенаторлари қозоқ дворникларидан кам маош оладиган пайтда бундай иш қилиш тўғрими? Саволлар кўп, жавобларни кутамиз.