30 March 2017
07:07 - Бечора Ислом дунёси: Боғдодда 17 мусулмон ўлдирилди, Ўрта Ер Денгизида 147 мусулмон чўкиб ўлди
Reuters Агантлиги кеча Ироқнинг пойтахти Боғдодга жанубдан кираверишдаги текширув пунктида навбатда турган автомобилларнинг бири ўлимчи-террорист ҳайдовчи тарафидан портлатилганини хабар қилди. Камида 17 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда, бир нечта автомобиль ёниб кетган. Ҳали ҳеч ким бу террористик ҳужум учун маъсулиятни бўйнига олмабди, аммо буни ИШИД қилганининг эҳтимоллиги катта эканлиги айтилмоқда. Маълумки, ИШИД Ироқ ҳудудларидаги 2014 йилдан бери ўз қўлида бўлган энг катта шаҳар Мосулда мағлубиятга учратилди, бу шаҳарнинг асосий қисми Ироқ армияси тарафидан қонли жанглардан кейин озод қилинди, қолган қисмида уруш давом этмоқда.

Яқинда шаҳар бутунлай ИШИДдан озод қилиниши аниқ. Ўзини Халифа деб эълон қилган ва ҳозир қаердадир бекиниб ёки қочиб юрган Абу Бакр ал-Боғдодий эса, ўз тарафдорларини тарқалиб кетишга ва тарқоқ ҳолда ҳам жиҳодни давом эттиришга чақиргани аввал хабар қилинган эди. ИШИДчилар ўз раҳбарларининг буйруғини бажариб, тўғри келган жойда одам ўлдириш билан оворалар ва буни жиҳод деб ҳисоблайдилар. Ўлдирилаётган одамлар эса, бегуноҳ мусулмонлардир.

Балки, хато айтаётгандирмиз, дейди мухбиримиз, чунки, ИШИДчиларга кўра, уларга қўшилмаган ҳар қандай мусулмон - Ислом динининг душмани, хоин ва кофир сифатида ўлимга маҳкумдир.

Аммо, Оллоҳ бечора мусулмонларни ҳамма ерда ўлим хавфи остида қолдираётганига, ўлаётганлар кўплигига нима деймиз. Туркияда инглиз, немис ва араб тилларида чиқадиган, расман бўлмаса ҳам, феълан ҳозир ҳокимиятда бўлган Адолат ва Тараққиёт Партиясиники ҳисобланадиган Daily Sabah газетасининг сайти хабар беришича, қашшоқликдан қочиб, жаннатсимон Европа етиб олиш учун Ливиядан резинка қайиқда йўлга чиққан 147 муҳожир кеча Ўрта Ер Денгизида чўкиб кетган, 16 ёшли асли Гамбиядан бўлган биргина йигитчани испанлар қутқаришган ва Сицилияда италянларга топширишган.

Маркази Римда бўлган Халқаро Муҳожирлар Ташкилотининг расмийлари билдиришича, бу йилнинг ўзида Ўрта Ера денгизида 600 муҳожир чўкиб бўлган, ўтган йили чўкиб кетганларнинг сони эса 4600 атрофида деб баҳоланмоқда.

Кечанинг ўзи Ўрта Ер денгизининг турли ерларида асосан Марокаш, Жазоир, Ливия, Гамбия ва Бангладешдан бўлган 400 муҳожир қутқарилибди. Ҳеч ким билмаган қанчадан-қанча мусулмонлар ҳар куни чўкиб кетаётганини ҳам тахмин қилиш қийин эмас.

Энг қизиғи, Ислом дунёси мусулмонларнинг бундай аянчли аҳволи билан иши йўқ. Ўзини иши бор деб ҳисоблайдиган Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон эса, мусулмон муҳожирларнинг бундай ғариб аҳволда эканликларида Европани айблаш билан овора.

“Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги Ислом дунёсини бу ғариб аҳволдан қутқариш учун мусулмонларнинг ўзи бирон нарсалар қилиши кераклигини йиллардан бери айтиб келар экан, Ислом дунёсини қолоқ ва қашшоқликдан чиқаришнинг ягона йўли Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш эканлигини айтмоқда. Ислоҳотларнинг асосида Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилиши кераклигини ҳам урғуламоқда. Аммо, Ислом дунёсида бундай чақириқларга эътибор берадиган мусулмонлар йўқлигини қўйиб туринг, Ислом уламолари ҳам йўқ.

Daily Sabah газетасининг хабарига қўйилган расмда кеча чўккан резинка кема эмас, ҳар куни Африкадан Европага муҳожирларни ташийдиган кемалардан биттаси кўрсатилган бўлса керак. Қаранг, шу кичгинагина кемачада ҳам 50 тача одам бор.