17 March 2017
20:16 - Ўзбекистон компартиясининг собиқ раҳбари Иномжон Усмонхўжаев вафот этди

Бугун Ўзбекистоннинг собиқ раҳбарларидан бири Иномжон Бузрукович Усмонхўжаев 87 ёшида вафот этди. Марҳумнинг жанозаси Фарғона шаҳридаги Ёрмозор масжидида ўқилди. У Шароф Рашидовдан кейин, аниқроғи, 1983-1988 йилларда Республика Компартиясига, яъни феълан Ўзбекистонга раҳбарлик қилган. У шу вақтгача тирик бўлган Ўзбекистоннинг икки собиқ раҳбаридан бири эди.

Иномжон Усмонхўжаев 1930 йилнинг 20 май куни Фарғонада таваллуд топган. Қайта қуриш йилларида коррупцияда айбланиб, Ўзбекистон КП МҚ биринчи котиби лавозимидан озод этилган, Собиқ Иттифоқ Олий Кенгаши Президиуми аъзолигидан четлаштирилган. 1988 йилнинг 28 ноябрида Собиқ Иттифоқ Коммунистик Партияси МҚдан ҳам чиқарилган эди.

У 1989 йилнинг 27 декабрида “Пахта иши” бўйича 12 йилга озодликдан маҳрум этилиб, 1990 йили озод қилинганди.

Усмонхўжаев ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Олий Суди тарафидан бутунлай оқлангач, матбуот орқали бу оқлов учун Шавкат Мирзиёга миннатдорчилик билдиргани ҳам маълум. Ўз-ўзидан тушунарлики, қўғрчоқ Олий Суд янги президентнинг талабини бажарган халос.

“Пахта иши” Ўзбекистонда ҳокимиятга Лубянканинг одами ҳаромий Ислом Каримни олиб келиш, ҳокимиятни эски раҳбарлардан тозалаш, ўзбекларни қўрқитиб қўйиш учун Москва тарафидан ўтказилган сиёсий тадбир эди. Аммо, СССР замонининг ҳамма даражали раҳбарлари порахорлик ботқоғида ётган бўлиб, аслида, уларнинг ҳаммаси қамоқларга ташланишга лойиқ эканлигини ҳам тушуниш лозим.