21 February 2017
19:19 - Сенсация эмас, миллатга тупириш: Озорбайжон Президенти Илҳом Алиев ўз хотинини биринчи вице-президент этиб тайинлади
Бугун Илҳом Алиев ўз хотини Меҳрибон Алиевани биринчи вице-президент этиб тайинлагани ҳақида давлатнинг қўғирчоқ ва мухолифатнинг мустақил ахборот воситалари қисқа хабар тарқатдилар. Қўғирчоқ ахборот воситалари Президентининг бу қарорига ҳеч қанда тушунтириш ҳам бермадилар. Мухолифатчилар эса, 2016 йилда ўтказилан умумхалқ референдумда биринчи вице-президент ва вице-президент лавозимлари таъсис этиш тасдиқлангани, аммо бу лавозимга Илҳом Алиев ўз истаган одамни ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан тайинлаши мумкинлигини ҳеч ким кутмаганини айтдилар.

Илҳом Алиевнинг қарори эълон қилингандан кейин, у Меҳрибон Алиевани Хавфсизик Кенгашининг мажлисида ҳаммага тақдим қилди, Меҳрибон Алиева ҳокимиятдаги партия раисининг ўринбосари сифатида катта сиёсий тажрибага эга эканлигини, параламент депутати сифатида ўзи сайланган округнинг иқтисодий-ижтимоий муаммоларини ҳал қилишда ўзини кўрсатгани, 2004 йилдан бери у раҳбари бўлган Ҳайдар Алиев Фонди Озорбайжондаги энг катта ва эътиборли жамоат ташкилотига айланганини урғулади.

Меҳрибон Алиева янги лавозимда халққа хизмат қилишга тайёр эканлиги ҳақида баландпарвоз гаплар гапирди.

Илҳом Алиевнинг бу қилган ишини масхарабозлик деб баҳолаш ҳам тўғри бўлмасди, дейди мухбиримиз. У тўғридан-тўғри ўз халқига тупирди, уни бир тийинга олмаслигини, унга подага қарагандек қарашини кўрсатди. Аммо, тан олиш керакки, миллат подага айланиб бўлгани учун Илҳом Алиев президент бўлиб ўтирибди ва бу пода унинг бугунги қарорига қаршилик ҳам кўрсатмайди.

Мухолифат ичида эса, бирлик баробарлик йўқ. Ҳарбир мухолифатчи, худди Ўзбекистонда каби, ўзини Оллоҳдан кейинги иккинчи одам деб ҳисоблайди, шу сабабли, замонавий маънода тузукроқ ташкилотлашолмайди ҳам.

Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон халқаро саҳнада бу воқеага ҳаммадан олдин муносабат билдириб, Меҳрибон Алиевани табриклаганини масхарабозлик деса бўлади.

Бу янгиликнинг ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмайдиган жиҳати бўлиши мумкин. Илҳом Алиев даволаб бўлмайдиган касал бўлгани ўртага чиққан бўлса, ўз ўрнига хотинини қўйиб кетиш йўлида биринчи қадамни қилган.

Расмда – Меҳрибон Алиева Хавфсизли Кенгаши мажлисида гапирмоқда.