20 February 2017
19:32 - Шармандалик: Ўзбекистонда Парламент аъзоларининг маошлари қанчалиги маълум бўлди, қозоқ дворниклариникича экан
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ойлик маоши маълум бўлди. Масалан, Парламентнинг оддий депутати энг кам иш ҳақининг 13 баравари - 2 000 000 сўм атрофида ойлик олади. Бу эса Ўзбекистондаги “қора бозор” курсига нисбатан 300 АҚШ доллари деганидир.

Шунингдек, қўмита раиси лавозимидаги депутат 2,5 миллион, спикер ва унинг ўринбосарлари 3 миллион сўм атрофида ойлик маоши олишаркан.

Қонунчилик палатаси ёки Сенат тарқатиб юборилган тақдирда депутатга ёки Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторга ишдан бўшатиш нафақаси тўланади ҳамда ишга жойлашиш даврида қонунда белгиланган тартибда ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

“Ҳаракат” аввал олий ўқув юртларидаги педагог-профессорлар маошига доир маълумотларни ҳам ошкор этган, ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишини айтганди. Тўғри, Ғарб Россияга қарши киритган санкциялар Қозоғистонни ҳам ургани сабабли, ўзбек профессорларнинг ойлиги қозоқ дворникларникига тенглашганди. Бечора дупутатларимизнинг ойлиги ҳам айнан шунча, яъни қозоқ дворникларникига тахминан тенг бўлади.

Хўш, улар шунча пулга қандай яшайдилар? Жавоб жуда оддий – улар бу маошга эмас, пора олиш ҳисобига яшайдилар.