20 February 2017
20:45 - Ўзбекистонда журналистларнинг Ахлоқ Кодекси ишлаб чиқилмоқда, ҳожатхона тозаловчиларники қачон ишлаб чиқарилади?
"Жаҳон" ахборот агентлиги тарқатаётган хабарга кўра, Ўзбекистонда журналистларнинг касб ахлоқ кодекси ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази, ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва оммавий ахборот воситалари томонидан ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон журналистларининг касб ахлоқ кодексида журналистга қўйиладиган ахлоқий талаблар ўз ифодасини топади.

ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида мазкур кодекс лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилган. Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, ахборот агентликлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашибди.

Мавзудан яхши хабардор “Ҳаракат” мухбирига кўра, мазкур Кодекс ишлаб чиқила бошлаганига қарийб 20 йил бўлди. Бунинг устида Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази сингари текинхўр ташкилотлар миллионлаб грант маблағларини сув қилиб юборишган.

Қолаверса, журналистлик сон-саноқсиз касблардан биридир. Ҳамма касблар учун шундай кодекс ишлаб чиқариш устида ўйлаш аҳмоқлик бўларди. Ўзбекистонни демократлаштириш керак. Демократик жамиятда ҳамма нарса ошкоралик руҳида бўлса, журналистлар ҳеч қандай этикасиз ҳам ўз ишларини маънавий юксак даражада бажаришга мажбур бўладилар. Бажармаганлар – журналистика соҳасидан отиладилар.