20 February 2017
18:08 - Фатхулла-гуленчиларнинг Ражаб Эрдўғонни ўлдириш ниятидаги “Суиқасд тақими” устидан суд бошланди

Ўтган йили 15 июлдан 16-чига ўтар кечаси Туркияда давлат тўнтариши қилишга уринган фатхулла-гуленчилар (Туркия расмийлари уларни ФЕТОчилар деб аташади) устидан бугун биринчи суд бошланди. Суд Ўртаер ва Эгей денгизлари соҳилидаги Муғла вилоятининг маркази Муғла шаҳрида бошланди. Судга бир генерал, бир адмирал, 10 дан ортиқ турли унвондаги офицерлар, ҳаммаси бўлиб ҳибсда сақланатётган 44 киши, юзлаб аскарларнинг қуршовида олиб келингани маҳаллий ахборот воситаларида билдирилди. Бу иш бўйича судланадиган 3 киши ҳибсга олинмаган экан, улар ўзлари судга келишибди. Бу иш бўйича асосий айбдор Фатхулла Гуленнинг ўзи эканлиги, аммо АҚШ уни ҳалигача тутиб бермагани сабабли, у сиртдан суд қилиниши ҳам айтилмоқда.

Ўша давлат тўнтаришига уриниш бўлган соатларда Президент Эрдўғон Муғла вилоятининг Ўртаер денгизи бўйидаги Мармарис шаҳридаги бир меҳмонхонада таътилини ўтказаётган экан. У айнан шу ердан Интернет орқали халққа мурожаат қилиб, фитначиларга қарши туриш учун ҳаммани кўча ва майдонларга чақирган эди. Уни ўлдириш учун юборилган ФЕТОчиларнинг гуруҳи Мармарисга етиб боргунча, Эрдўғон президентнинг расмий учоғида Мармарисдан Истанбулга қараб учиб кетиб бўлганди.

Қаранг, ўша кунги давлат тўнтаришига уринишда Туркия армияси генерал ва адмиралларининг учдан бири қатнашгани иддао этилмоқда. ФЕТОчи эканлиги иддаоси билан минглаб университет ва мактаб ўқитувчилари, ўн минглаб давлат ишида ишлайдиганлар, юзлаб журналистлар ишдан ҳайдалди, бир қисми ҳибсга олинди. Уларнинг ичида ҳатто Эрдўғоннинг маслаҳатчиси ҳам бор. Шундай кучли ташкилот давлат тўнтариши қилиш ҳаракатини бошлаб, Ражаб Эрдўғонни ўлдириш ниятида бўлса ҳам, унинг қаерда эканлигини билмаганига ишониш мумкинми?

Ўша куни исёнчилар Туркия Қуролли кучларии Бош штаби бошлиғини ушлаб олишган, аммо ўлдиришмаган эди. Унинг ўринбосари исёнга бошчилик қилганликда айбланиб Анқарада ҳибсга олинган. У ва унинг атрофидагилар устидан Анқарада алоҳида суд бўлса керак.

Кўриниб турибдики, Туркияда ўтган йили 15 июлда оддий давлат тўнтаришига уриниш бўлмаган, давлат ичидаги икки исломчилар гуруҳи – ражаб-эрдўғончилар ва фатхулла-гуленчилар ўртасида тахт талашуви бўлган. “Ҳаракат” улардан ҳеч бирининг тарафдори эмас, уларнинг биронтасини оқлаш ниятида эмас. Қайси гуруҳ ғалаба қозонмасин, Туркияни ёмон кунлар кутади. Туркия исломий давлатга айлантирилади, парчаланиб кетади ва давлат сифатида йўқ бўлади. Юнонлар Истанбулни қайтариб олиб, Константинополга айлантириш устида ўйлашга бошлаган бўлсалар ажаб эмас.

Туркиядаги дунёвийчилик тарафдорлари, бошқача сўзлар билан айтсак, отатуркчилар исломчилар устидан ғалаба қозонишига умид қилиш керак. Акс ҳолда, узоқ вақтга Турк Дунёси тушунчасини ҳам унутишга тўғри келади.

Расмда – аскарлар қуршовидаги ФЕТОчилар Муғла шаҳар судига олиб келинмоқда.