14 February 2017
21:19 - Осиё Тараққиёт Банки президенти Ўзбекистонга келади
Осиё Тараққиёт Банки президенти Такехико Накао Ўзбекистон Республикасига ташриф билан келади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг матбут хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, кеча Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафо Осиё Тараққиёт Банкининг Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти бош директори ўринбосари Хонг Вей билан музокаралар ўтказган. Учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашишган.

Хонг Вей барча йўналишлар бўйича икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда ОТБ томонидан Ўзбекистонда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, иқтисодиёт тармоқларини ва инфратузилмани модернизациялаш ҳамда ривожлантиришга доир стратегик дастурларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.

Бу учрашувда, Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накаонинг Ўзбекистон Республикасига амалга оширадиган ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама қилинибди. Такехико Накао ыачон келиши хабарларда айтилмаган.

Расмда – Осиё ва Узоқ Шарқда иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсадида 1966 йили яратилган Осиё Тараққиёт Банкининг Маниладаги Бош қароргоҳи.