14 February 2017
22:45 - Уч банк мамакатга хорижий инвестиция жалб қилиш мажбуриятидан озод қилинди
Ўзбекистоннинг уч молия муассасаси ҳукумат қарори билан ўз устав капиталининг бир қисмини сотиш эвазига чет эл сармоядорларини жалб қилиш мажбуриятидан озод қилинди. Бу ҳақдаги Uzbekistan Today газетаси хабарига кўра, “Асакабанк”, “Ипотека” ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк”лари аҳоли учун назорат қилинадиган нархларда ижтимоий муҳим хизматлар кўрсатаётган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Ҳолбуки, Ўзбекистон ҳукуматининг 2016 йил августидаги қарорига кўра, Республиканинг 87 та энг йирик акциядорлик жамиятлари, хусусан, банклар ҳам 2017 йилнинг октябр ойига қадар ўз устав капиталининг камида 15 фоизини хорижий инвесторларга сотиши керак. Мазкур ташкилотлар орасида "Ўзбекнефтегаз", "Ўзбекистон Темир йўллари", "Ўзбекэнерго", "Тошкент қишлоқ хўжалик техникаси заводи", "Самарқанд вино заводи", "Жиззах пластмасса", "Навоиазот", "Қўқон суперфосфат" каби йирик хўжалик субъектлари ҳам бор.