14 February 2017
20:35 - Шавкат Мирзиё Германиянинг янги президентини табриклади ва Ўзбекистонга таклиф қилди

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиё Германиянинг янги президенти Франк-Валтер Штайнмайерни президент лавозимига сайлангани билан қутлаб, уни Ўзбекистонга таклиф этгани ҳақидаги хабарлар ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизматига асосланиб тарқатилмоқда. "Бўлиб ўтган сайловлар сезиларли иқтисодий, технологик ва интеллектуал салоҳиятга эга жаҳоннинг етакчи давлатларидан бири – Германиянинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга Сизнинг муҳим ва тажрибали давлат арбоби сифатида қўшган муносиб ҳиссангиз эвазига қозонган юқори ишонч ва ҳурматни тасдиқлайди", дебди Шавкат Мирзиё ўз табригида.

Германиянинг янги президенти мамлакат Ташқи ишлар вазири бўлган пайтда бир неча марта Ўзбекистонга келган ва шу пайтгача келган немис мулозимларининг энг нуфузлиси ҳисобланади. Марказий Осиё мамлакатлари орасида фақатгина Қирғизистонга Германия канцлери Ангела Меркел бошчилигидаги делегация давлат ташрифи билан келган, дейди мухбиримиз.