10 February 2017
17:43 - Ҳақиқий хабар “Ҳаракат”да ўқилар: Апелляция суди ҳам Доналд Трампнинг мусулмонларга АҚШга киришни қийнлаштирувчи қарорини бекор қилди. Аммо, қайси аппеляция суди? Қолаверса, ўзбекларга нима?

Ҳозир бутун дунёнинг диққат марказида турган воқеа – Доналд Трампнинг 27 январда имзоланган ва “Мамлакатни АҚШга кириш ҳаракатидаги чет эллик террористлардан ҳимоя қилиш” деб номланган, аслида бир қатор мусулмон давлатларининг фуқароларига АҚШга киришини қийинлаштирувчи фармони ва АҚШнинг ҳуқуқ тизимида бу фармон атрофида бўлаётган жанжаллардир. Аммо, оммавий ахборот воситалари бу жанжалга катта эътибор берсалар ҳам, унинг моҳиятини тушунишга интилаётганлари йўқ. Балки, бунинг сабаби - бундай воқеанинг икир-чикирлари оддий одамларни қизиқтирмаслигини билишгани, яъни “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг “ҳамма мамлакатларда аҳолининг 95 фоизи оддий подадир” деб шок терапияси усулида айтган гаплари билан ҳамфикр эканликларидир.

Аммо, аҳолининг қолган 5 фоизи учун бўлса ҳам, Доналд Трамп имзолган фармон атрофидаги воқеаларнинг моҳиятини очиқлаб бериш жуда муҳимдир. “Ҳаракат” Агентлиги айнан шу фикрдан келиб чиқиб, 5 февралдаги хабарида шундай деган эди:

“АҚШ Президентининг мусулмонлар учун АҚШга киришни қийнлаштирувчи қарори атрофида бўлаётган воқеаларани тушуниш учун қуйидагиларни билиш лозим. Маълумки, АҚШ – федерал давлат, унинг таркибида 50 та штат (ўрислардан ўзбекларга ҳам ўтган “штат” сўзи, аслида state, яъни “давлат” деганидир) ва “Колубия тумани” деб аталадиган пойтахт Вашингтон бор. Ҳар бир штатнинг ўз қонунлари, ўз суд органлари бор. АҚШнинг суд системасида бир қарашда мантиқсизликдек кўринадиган бир нарса ҳам бор. Бу нарса – АҚШ федерал давлатининг Олий Судидан ташқари ҳар бир штатда маҳаллий суддан ташқари Федерал Суд ҳам борлигидир. Бу федерал судларда кўрилиши мумкин бўлган масалалар анчагина чекланган, аммо кўрилган масала бўйича уларнинг ҳукми бутун АҚШда ижро этилади.”

Қаранг, ростдан ҳам мантиқсизлик бор – штатлардаги федерал судларнинг ҳукми бутун мамлакатда кучга эга бўлар экан.

Хуллас, Доналд Трампнинг фармонидан кейин, АҚШда айнан шу федерал судлар ишга киришдилар ва воқеалар қуйидагича ривожланишга бошлади.

Нью-Йорк Федерал Суди кириш визаси олиб бўлганларга АҚШга кириш ҳаққи берди. Яъни, Нью-Йорк Федерал Суди Доналд Трампнинг фармонига қарши эмасди, фақатгина виза олиб бўлганларга ёрдам бераётган эди. Шу сабабли Оқ Уй унга ортиқча эътибор бермади.

Лекин, Вашингтон штатининг Федерал Суди штат прокурорининг Трамп чиқарган фармонни бутунлай бекор қилиш талаби бўйича ҳукм чиқарилгунча, қарорни вақтинча тўхтатиш ҳукми чиқарди. Ва бу ҳукм бутун АҚШда кучга кирди ва ишлашга бошлади. Яъни, Вашингтон штатининг Федерал Суди Доналд Трампнинг фармонини номаълум муддатга тўхтатиб қўйди. Оқ Уй бунга кўз юмолмасди, юммади ҳам ва Вашингтон штатининг Федерал Суди ҳукмига қарши апеляция судига мурожаат қилди. Ва кеча федерал апелляция суди Доналд Трампнинг фармонини тўхатиб қўйиш ҳукмини тасдиқлагани эълон қилинди.

Аммо, мутлақо кўпчлик хабарларда бу федерал апелляцион суд нима эканлиги тилга ҳам олинмади. “Ҳаракат” бу ноаниқликка чек қўйиш ниятида баъзи текширишлар ўтказди. Маълум бўлдики, Вашингтон штатининг Федерал Суди чиқарган ҳукмни кучда қолдирган суд – Калифорния штати Федерал Суди экан. Яъни, бу икки суднинг даражаси бир хил. Аммо, юқорида айтганимиздек, бу икала суд ҳам бутун АҚШда кучга кирадиган ҳукм чиқаролади. Бир даражадаги судлардан бири ҳукм чиқариб, иккинчиси уни бекор қилолиши мантиқсизликка ўхшайди, балки, ростакам мантиқсизликдир.

Тахмин қилиш мумкинки, Доналд Трампнинг ҳукумати, аниқроғи, Адлия азирлиги шу мантиқсизликдан фойдаланиб қолиш учун Вашингтон штатининг Федерал Суди ҳукми устидан Калифорния штати Федерал Судига апеллляция берган. Аммо унинг апелляцияси кеча ўтмади, Калифорния штати Федерал Суди Вашингтон штатининг Федерал Суди ҳукмини тасдиқлади. Доналд Трамп кечаёқ Твиттердаги саҳифасига “Судда кўришамиз, биз учун энг муҳими – давлат хавфсизлигидир” маъносидаги сўзлар қўйди.

Яна тахмин қилиш мумкинки, Адлия вазирлиги штатлардаги федерал судларнинг ҳукми устидан энди АҚШнинг Олий Федерал Судига апелляция беради.

Суд тизимидаги бундай нарсаларни тушуниш биз учун ҳам ўта муҳимдир, дейди “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат. Маълумки, бизнинг партиямиз расман рўйхатда ўтиш учун Адлия вазирлигига 2013 йилнинг охиридаёқ ариза ва керакли ҳужжатларни топширган. Мана, 13 йил ўтдики, биз ҳатто вазирликнинг кулгили даражадаги мантиқсиз талабларини бажарган бўлсак ҳам, ҳалигача Адлия вазирлигининг қарори йўқ.

Адлия вазирлиги бизни рўйхатга олиш ёки рўйхатга олмаслик қарорини чиқариши керак эди. Бу унинг вазифаси. Аммо, вазирлик ўз вазифасини бажармади. Мақсадимиз Адлия вазирлиги билан, аслида, мавжуд режим билан ҳуқуқий майдонда курашни яна кун тартибига олиб чиқиш. Дунёнинг энг ёмон диктаторлиги ҳисобланадиган Ўзбекистондаги мавжуд режим билан ҳуқуқий майдонда курашиш мантиқсизлик эканлигини ҳам биламиз, аммо энг камида, мавжуд тузумнинг асл башарасини тарихда қоладиган шаклда шарманда қилиб, очиб ташлашимиз керак.