11 December 2016
02:04 - Туркия парламентига парламентар системадан президентлик системасига ўтиш қонунининг лойиҳаси топширилди

Буюк Отатурк асос солган замонавий Туркия давлатида президент рамзий шахс бўлиб, ҳокимият 550 кишилик парламент – Туркия Буюк Миллат Мажлисининг қўлида эди. Айнан парламент давлат президенти ва бош вазирини тайинларди, давлатнинг асосий сиёсий лидери Бош вазир эди.

Ражаб Эрдўғоннинг Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП) парламентда асосий рол ўйнашга бошлагач, аниқроғи, 2003 йили айнан Ражаб Эрдўғон Бош вазир этиб тайинланди ва айнан у асосий сиёсий лидер бўлди. 2014 йили Туркия парламенти президент умумхалқ сайловларда сайланиши ҳақида қонун қабул қилди ва айнан ўша йили ўтказилган умумхалқ сайловларида Ражаб Эрдўғон Туркия Президенти этиб сайланди.

2014 йилдан бери Туркияда мавжуд конституция ишламай қўйди десак бўлади, чунки, Ражаб Эрдўғон ўз партияси парламентда кўпчилик эканлиги сабабли, ҳокимятни тўла қўлга олволди. Унинг мақсади конституцияга зид бўлган бу реалликни ўзгартириш ва бу реалликни қонунлаштириш эканлиги кўриниб турарди. Бир қарашда, бу тўғри ишдек ҳам кўринади.

Кеча бу йўналишда муҳим қадам қилинди, АТП мухолифатдаги Миллиётчи Ҳаракат Партияси билан биргаликда Туркия Буюк Миллат Мажлисига мавжуд Конституцияга муҳим ўзгартиришлар киритувчи қонун лойиҳасини тақдим этди.

Бу лойиҳага кўра, Туркияда Бош вазир лавозими бекор қилинади, Президент ҳукуматни ўзи бошқаради. Парламент аъзоларининг сони 550 дан 600 га чиқарилиши, параламентга сайланиш учун 18 ёшли бўлиш етарли эканлиги ва шунга ўхшаш ўзгаришлар ҳам бўлади, аммо улар муҳим эмас.

Аслида Эрдўғон бутун ҳокимиятни қўлига олиб бўлганини ҳисобга олсак, Конституцияга киритиладиган ўзгаришлар бор реалликни қонунлаштиради, холос. АТПнинг ҳеч қаерда очиқча ёзилмаган ва очиқча гапирилмаган мақсади – Туркияни исломий давлатга айлантириш, кейин Халифаликни тиклаш эканлигини ҳисобга олсак, Туркия - ўта хавфли йўлдадир. Чуннки, 21 асрда шариат қоунлари билан яшайдиган Халифалик деган нарса бўлиши ҳам мумкин эмас, аммо, Туркия парчаланиб кетишининг хавфи кескин ортади.

Ўзбеклар учун муҳим бўлгани, Турк Дунёси тушунчаси ёки ўлади, ёки Ўзбекистон лидерликни қўлга ололса, айнан Ўзбекистон лидерлигида қайтадан шаклланади.