09 December 2016
23:52 - Шавкат Мирзиё: “Ҳокимлар халқ тарафидан сайланиши керак”. “Ҳаракат”: Ёпирай, ростданми?
Ўзбекистон Республикаси Контитуцияси қабул қилинганлиги тантаналари муносабати билан сўзлаган нутқида янги сайланган президент Шавкат Мирзиё маҳаллий давлат ҳокимяти идоралари ролига баҳо бера туриб, яқин истиқболда ҳокимларни халқ бевсосита сайловлар орқали танлаши кераклиги ҳақида гапирди. “Агар ҳар бир ҳудуд ўз раҳбарини ўзи сайласа, раҳбарларнинг халқ ва жамоатчилик олдидаги масъулияти кескин ошишига эришиш мумкин”, - деди Шавкат Мирзиё раҳнамоси ва марҳум устози Ислом Каримнинг руҳини чирқиратиб.

Шавкат Мирзиё ўз нутқида бугунги ва эртанги кун талабларидан келиб чиқиб, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. У 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасида маъмурий бошқарув соҳасини ислоҳ қилиш концепцияси тайёрланаётганини маълум қилди.

Демак, ҳеч шубҳа йўқки, у концепция тезда эълон қилинади. Табиий, бу концепцияда Шавкат Мизиё кимни ҳоким қилишни истаса, айнан ўша одам ҳоким бўлиши сайловларсиз ҳам маълум эканлиги тилга олинмайди. Қолаверса, бунақа масхарабозлик қилишнинг кераги ҳам йўқ. Чунки, Шавкат Мирзиё кимни истаса, айнан ўша одам “сайланишини” ақлли одамлар шундоғам жуда яхши билишади.