18 July 2016
12:46 - Ўзбекистонда одам савдоси қурбонлари миқдори камайибди, сабаб нима?
Мамлакат расмийларининг РИА “Новости” мухбирига айтишича, 2015 йилда Ўзбекистонда одам савдоси қурбонлари сони 2014 йилга нисбатан 23,5 фоизга , яъни 924 нафаргача камайган. Ўтган йили рўйхатга олинган одам савдосига оид ҳолатларда 784 киши (26,4 фоизга кам) мамлакат ташқарисига олиб кетилган. Шунингдек, Ўзбекистондаги халқаро ва нодавлат ташкилотлар одам савдосининг 774 нафар қурбонига ёрдам кўрсатган. Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик корпуслари эса 146 нафар ҳамюртимизнинг уйига қайтишига кўмаклашган.

Одам савдоси фактлари бўйича 372 та иш очилиб, 442 кишига қамоқ жазоси тайинланган. Ҳукумат расмийларининг иддаосича мамлакатда одам савдосининг камайиши унинг саъй-ҳаракатлари натижасидир. Аслида эса, дейди воқеликни кузатиб бораётган “Ҳаракат” мухбирлари, одам савдосининг камайиши Россиядаги иқтисодий инқироз ва қўшни Қозоғистондаги ўзбек мардикорига бўлган талабнинг пасайиши билан боғлиқ. Яъни, мардикорлик даромадлироқ бўлган даврда талабгор кўп ва уларнинг орасидаги қурбонлар миқдори ҳам юқори эди. Мамлакатда одам савдоси асосан мигрантлар ҳисобига эканини тушуниш учун кўпам ақл керакмас.