11 January 2016
18:29 - Ўзбекларга ёмон хабар: Россияда ишсизлик 2015 йилнинг сўнги ҳафтасида 1,9% кўпайди, ишсизларимиз ташкилотланиши керак

Меҳнат вазирлигига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, Россияда расман рўйхатдан ўтган ишсизлар сони 2015 йилнинг 23 декабридан 29-чигача 1,9% кўпайиб, 993 минг 104 га чиқибди. Яъни, рўйхатдан ўтмаганларни ҳам ҳисобга олсак, ишсизлар сони 1 миллондан ошиб кетди.

Бундан ташқари, расман ишлаётган бўлса ҳам, ишлаётган корхонасидаги муаммолар туфайли қисман ишаётган ёки дам олишга жўнатилганларнинг сони 275 мингдан ортибди.

Ваҳолангки, кечагина Россия Президенти Владимир Путин немисларнинг Bild газетасига интервью берар экан, Ғарбнинг санкцияларига қарамасдан иқтисодий аҳвол ёмон эмаслиги, ишсизлар сони барқарор бўлиб қолаётганини айтганди.

Россияда ишсизлар сонининг ортиши ўзбеклар учун ёмон хабардир. Чунки, ўзбек мардикорлари учун у ерда иш топиш янада қийинлашади. Аввал хабар қилганимиздек, Туркия шу йилнинг июнь ойидан 89 мамлакат фуқаролари учун кириш визасини тикламоқчи. Бу мамлакатлар ичида Ўзбекистон ҳам бўлса, миллионлаб ишсиз юрган ўзбеклар учун Туркия бориб ишлаш имконияти йўлида янги тўсиқлар пайдо бўлади, у ерга ишга кетувчилар сони камаяди.

Ўзбекнинг ишсизлари Россия, Туркия ёки бошқа мамлакатларда иш топишга умид қилиб ўтиравермасдан уюшишлари, ташкилотланишлари ва мамлактимиздага аҳвол билан иши бўлмаётган Ислом Карим режимини ўзлари билан шуғулланишга мажбур қилишлари керак.