11 January 2016
19:34 - Туркияда давлат хизматчиларига жума намозида қатнашишни расмийлаштирувчи қарор судга берилди
Шу йил 6 январдаги хабаримизда Туркиядаги энг катта “Миллиёт” газетасига асосланиб, бу мамлакат ҳукумати давлат ишларида ишлаётган одамларнинг жума номозида қатнашишини расмийлаштиришга доир ҳужжат лойиҳаси тайёрлаётгани ва у яқинда эълон қилиниб, кучга киришини билдирган эдик. Бу ҳужжатда давлат ишларида ишлаётган одамлар жума номози пайтида тушлик танафусига кета олишлари ва номоздан кейин ишга жойига қайтиб, ишларини давом эттира олишлари белгиланган экан.

Биз ўз хабаримизда бу воқеани ҳокимиятдаги Адолат ва Тараққиёт Партиясининг Туркия давлатини исломлаштириш йўлидаги навбатдаги қадами деб баҳолар экан, бу кетишда Туркия ўрта асрларга қайтишини урғулаган эдик.

Бугун яна ўша газетанинг хабарида айтилишича, Туркиядаги Ҳакамлар ва Прокурорлар Бирлиги номли жамоат ташкилоти (шунақаси ҳам бор экан – Ҳаракат) раиси Умар Фарух Эминоғаўғли ҳукуматнинг бу иши Туркия давлатининг Конституциясида белгиланган дунёвийлик принципига қарши эканлиги сабабли, уни бекор қилиш талаби билан судга мурожаат қилибди. У айни замонда мухолифатдаги Жумҳурият Халқ Партияси (Отатаурк тарафидан тузилган партия – Ҳаракат) раиси Камол Қилидорўғлини, ҳукуматнинг бу ҳужжатини қўллаб-қувватлагани учун партиядан чиқариб ташлашга чақирибди.

Газетадаги хабарда эслатилишича, Туркиянинг тарихида икки марта, 1975 ва 1997 йиллари, ҳукумат давлат ишчиларининг жума намозида қатнашишларини қонунлаштирувчи қарор чиқарган ва суд уларни бекор қилган экан. Ҳозир шароит бошқача, дейди мухбиримиз, исломчилар ҳокимият структураларининг кўпчилигини ўз назоратлари остига олиб бўлдилар. Шундай экан, суд ҳам Конституцияга тупириши мумкин. Чунки, исломчиларнинг асл мақсади секин-аста Конституцияни четга улоқтириш ва Шариат қонунлари билан яшашга ўтишдир.

21 асрда Туркиядек давлатда шундай воқеалар бўлаётгани кўрсатмоқдаки, Ислом дунёси ҳозирги қолоқлик ва қашшоқликдан қутилишни ўйласа, тезроқ Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказилиши ва 5 маҳал номоз, рўза, ҳаж ва закотни фарзликдан чиқариши керак.