21 August 2015
18:51 - “Эзгулик” жамияти асосчиларидан бири Тоҳир Умар вафот этди. У ким эди?
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг асосчиларидан бири, таниқли журналист Тоҳир Умар 80 ёшида вафот этди. Тоҳир ака 2012 йилда гемморогик инсулт ўтказган, кейинги бир неча ойда эса тўшкакка михланиб қолган эди. 2003 йили Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг таъсис қурултойи ташкилотчиларидан бири, жамиятнинг “Эзгулик” номи билан аталишини таклиф этган ижодкор инсон эди.

Тоҳир Умаров “Эзгулик” жамиятининг бевосита ҳамкори бўлган “Ҳаракат” агентлигининг мухбири сифатида ҳам ўқувчиларни янгиликлардан хабардор этиб борди.

У киши “Озодлик” радиосининг Ўзбекистондаги илк мухбири сифатида ҳам фаолият кўрсатган. Фаолиятнинг бошланиш тарихи жуда қизиқ. “Бирлик” 1989 йил 18 мартда ўзбекнинг тарихида биринчи марта митинг уюштиргани ҳақидаги хабар қандайдир йўллар билан Туркия ва АҚШда яшайдиган ўзбекларга, жумладан, “Озодлик” радиосининг ўзбек хизматигача етиб келибди. Радиодагиларнинг Ўзбекистон билан ҳеч қандай алоқаси бўлмагани сабабли, улар радио орқали шундай эълон берганлар: “Ўзбекистондан кимдир биз билан қуйидаги телефон орқали алоқага чиқа олса, у билан ҳамкорлик қиламиз, ҳамма ҳаражатларини тўлаймиз.” Ўша эълонга жавоб берган ягона ўзбекнинг марди Тоҳир Умар бўлди.

У 1989 йилнинг ўша ойларидан мустақилликнинг дастлабки йилларигача фаолият олиб борди. Аммо, кейин кутилмаганда Ўзбекистоннинг марказий газеталарида бу радиони лойга булғовчи мақолалар чиқарди ва радио билан алоқаларни узди.

Кейинчалик Тоҳир Умар “Ҳаракат” агентлиги билан ҳам бир неча йил ҳамкорлик қилди. У ўша пйтда “Эрк” партияси ва унинг раҳбарлари ҳақида фақат жирканиб гапирарди. Аммо, кейин ҳеч қандай эълон ҳам бермасдан, айнан шу партия билан ҳамкорликка ўтди.

Хуллас, ўзбекларнинг жуда кўпчилиги каби бу куннинг тушунчалари ва манфаатлари билан яшайдиган инсон эди Тоҳир акамиз.

Нима бўлганда ҳам, яқин сафдошимиз бўлган Тоҳир акани Аллоҳ раҳматига олсин, деймиз. Бундай кишиларнинг ҳаёти бошқаларга дарс бўлишини истаймиз.