29 August 2014
22:27 - Ўзбекларга қарши бўлишда эстафета қирғизлардан қозоқларга ўтдими? Абдураҳим Пўлатнинг башоратлари амалга ошмоқдами?
27 август куни Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сайрам туманидаги Мадани қишлоғида яшайдиган ўнлаб қозоқ йигитлари аксар аҳолиси ўзбеклар бўлган Қорамурт қишлоғидаги одамлар, дўконлар ва шахсий машиналарга ҳужум қилган, бир қанча миллатдошларимизга жароҳат етказиб, дўконларни талашгани энди маълум бўлмоқда. Натижада бир неча ўзбек шифохонага ётқизилиб, 4 нафар ҳибсга олинганди. Кўринишидан этник бўлган бу можаро алангаланмай бостирилди.

Бугун Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Жанубий Қозоғистон вилоятидаги бу қишлоқда рўй берган зўравонликнинг этник сабаби мавжуд эмаслиги хусусида баёнот берди. Қозоғистон Ички ишлар вазири Қамуханбет Қосимов вазиятнинг буткул назоратда экани, жанжал чиқарганларнинг жавобгарликка тортилишини баён қилди.

Қарийб ярим миллион ўзбекнинг аксар қисми ана шу вилоятда истиқомат қилади. Қирғизистон жанубидаги воқеалар, унинг ривожи ва оқибатлари бу каби воқеалар пайтида дарҳол кишининг хаёлига келади ва ташвишга солади, деган мухбиримиз қуйидагиларни ҳам қўшимча қилади: “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат Марказий Осиёда 1 миллион киши ҳалок бўладиган воқеалар юз беришини башорат қилган эди. Наҳотки, ўша йўналишда кетмоқдамиз?