28 August 2014
23:25 - Ражаб Тойиб Эрдўғон президентлик курсисига расман ўтирди, Довудўғлини Бош вазир қилди
Бугун мамлакат парламенти – Туркия Буюк Миллат Мажлисида - ўтказилган қасамёд қилиш маросимидан кейин Ражаб Тойиб Эрдўғон халқ тарафидан тўғридан-тўғри сайланган биринчи президент сифатида тарихга кирди ва бу лавозимга расман ўтирди.

Маълумки, 10 йилдан кўпроқ вақтдан бери у ўзи тузган Адолат ва Тараққиёт Партиясининг раиси ва Бош вазир эди. Бир неча кун аввал Эрдўғон Бош вазир лавозимига шу пайтгача Ташқи ишлар вазири бўлиб келган Аҳмет Довудўғлини тайинламоқчи эканлигини эълон қилди, кейин Довудўғли партия раислигига ҳам сайланди.

Бугуннинг ўзиёқ Аҳмет Довудўғлини президентлик қароргоҳида қабул қилган Ражаб Эрдўғон унга ҳукумат тузишни топширди. У эртага эрталаб ҳукумат таркибини президентга топширмоқчи. Янги ҳукумат парламент тарафидан тасдиқланиши керак. Ҳозирги парламентда Эрдўғоннинг партияси кўпчилик овозга эга бўлмаса ҳам, янги ҳукумат парламентда муаммосиз тасдиқланиши кутилмоқда.