29 August 2014
04:11 - Россия Украинага бостириб кираётганини Ғарб тан олди, ҳозирча фақат қораламоқда, Путин иккиюзламачилик билан овора
Россия қўшинлари очиқча Украинага бостириб кирганлари Ғарб давлатларининг раҳбарлари тарафидан қораланмоқда. АҚШ президенти Россия бостириб киришни давом эттираётганини гапирар экан, аввалги санкциялар таъсирида Россия иқтисоди тушишга бошлаганини урғулади. Жаҳон ахборот воситалари унинг қуйидаги сўзларини келтирмоқдалар: “Россия конфликт чиқарди, Россия жангариларни ўқитмоқда, Россия уларга қурол бермоқда, Россия уларни моддий таъминламоқда. Бу ички конфликт эмас... Россия совуқ уруш давридан бери бунчалик изоляцияда қолмаган эди.”

Украина БМТнинг Хавфсизик Кенгашига мурожаат қилиб, Россиянинг агрессиясини тўхтатишни сўради.

АҚШ Европа Иттифоқи билан Россияга қарши янги санкциялар киритишни маслаҳатлашмоқчи.

Россия президенти Владимир Путин иккиюзламачилик руҳидаги баёнот тарқатиб, сепаратист-террористларга мурожаат қилди ва қуршовда қолган Украина ҳарбий қисмларига чиқиб кетиш учун йўл очиб беришни сўради. У, айни замонда, Украина ҳукуматини Донбасдаги кучлар билан музокара бошлашга чақирди.

Хуллас, Россия ва Украина ўртасида ростакам уруш бошланганга ўхшайди. Украина ахборот воситалари кўп жойларда ташаббус ўз қўшинларининг қўлида эканлиги, душман катта қурбонлар бераётгани ҳақида хабар тарқатмоқдалар. Қўлга тушган рус десантчиларини телеэкранларда ҳам кўрсатишмоқда. Иккинчи даражали рус расмийлари эса, баъзи рус ҳарбийлари Ростовда ўтказилаётган ҳарбий машғулотлар пайтида янглишиб Украинага ўтиб қолишганини айтишгача боришмоқда. Ўлган рус ҳарбийларини яширинча кўмишаётгани ҳақида мустақил рус ахборот воситаларида ёзишмоқда.