28 August 2014
20:57 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Каттақўрғонликлар ёмғирдан қутулиб, дўлга тутилди!”
Каттақўрғон нафақат Самарқандда, балки мамлакатимизда йирик туманлардан бири саналади. Бу заминдан юртимизнинг таниқли кишилари, жамоат ва давлат арбоблари етишиб чиққан. Аммо кейинги йилларда туманимизга қарғиш тегди шекилли, унга систематик равишда порахўр, лўттибоз ва ўғри-каззобларни ҳоким этиб тайинлашди. Туманнинг ҳозирда обиқ ҳокими Пирмат Ўсаровни олайлик. У доим ўз атрофига судланган, жиноятчи ҳамтовоқларни йиғиб олганди.
Масалан, унинг ўринбосарлари Неъмат Расулов ва Нуриддин Шаропов икки марта совуққонлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилганди. Туман ҳокими ўринбосари Инобат Дониёрова пора билан қўлга олиниб, амнистия туфайли жазодан озод этилганди. Шунингдек, ҳокимлик аппарати вакили Бердиёр Ибрагимов “Фуқароларнинг мурожаатлари борасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик”да айбдор, деб топилиб, жазо муддатини ўтаган.

Аммо буларнинг ҳаммаси ҳолва экан. Шу йилнинг 18 майида халқ депутатлари Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Шерали Йўлдошев ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У мойбулоқлик таниқли растаратачи ва бузғунчи раис Мамарайим Йўлдошевнинг фарзанди бўлиб, раис ўз даврида 6000 бош қўйга мўлжалланган махсус иншоотни буздириб, ширкатни банкротга олиб келганди. 500 бош йилғини ҳазм қилиб юборган раис эндиликда Каттақўрғоннинг мўътабар “оқсоқол”ларидан биридир.

Шерали ҳам отаўғил экан, 50 гектар сувли ерни ижарачиларга сотиш билан иш бошлади. Мамарайим раиснинг укаси Ўлжаев Ўткир 25 гектар, Ўлжаев Холиқул 20 гектар, Ўлжаев Вали 2 гектар, уларнинг Ўзбекистон Републикаси Олий судида судья бўлган укаси Ўлжаев Кахрамон 1 гектар сувли ерга эгалик қилиб ўтрибди. Ўғли тахтга минган раис бобомиз қариндошпарвар чиқиб қолди: тоғаси Жўрахолов Шерматга 9 гектар, куёви Носиров Саъдуллага 2 гектар, Носиров Фарруҳга 3 гектар давлатнинг ерини улашган.

Пойтахтдаги собиқ “Пахтабанк”, жорийдаги “Агробанк”да фаолият олиб борадиган Ахмедов Боймамат деган қариндош эса 6 гектар ерни эгаллаб олган. Пахтабанкда расимизнинг қудаси Холмонов Махмуд 6 гектар сувли, 6 гектар лалми ерни эгаллаб, қудаларининг парвозига дуо қилиб тутирбди. Ҳоким Шералибойнинг қайнотаси Синдаров Довур эса 20 гектар ерни ҳоҳлаганича ишлатади, на солиқ тўлайди ва на бошқа нарса. Унинг яқин қариндоши Турсунов Ёқуб эса 8 гектар ерни ижарага бериб, қорнини қашлаб юрибди.

Каттақўрғонлик катталар доим Президентимизнинг дуои жонини қилиб яшашади. Тўғри-да, у киши халқ қийналмасин, юртимиз обод бўлсин, деган мақсадда ўз ташаббуслари билан Оқдарё сув омборини қуриб берганлар. Юқорида номлари келтирилган халқимизнинг “улуғ”лари ана шу сув омбордан шахсий томорқаларига айлантириб олган ерларини суғоради, истаганича фойдаланади.

Ёш авлод эса ҳукуматнинг сиёсати жиноятчи тўдаларни боқиш, уларнинг истаганича давлатнинг ерларини ўғирлашига имкон беришмикан, деган тасаввур билан ўсяпти. Президентимиз келажагимиз ёшларники деган шиори моҳиятига кўра, бугунги болалар ичидан ҳам шералибойлар, мамарайим раислар етишиб чиқадими? Ахир, бу ҳол Самарқнад вилояти раҳбарларини қизиқтирмаса, республикадагиларни ташвишга солар?!

Ибройим Маматов
Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани